Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланади.
Қонун лойиҳаси 6 та боб ва 34 та моддадан иборат. Умумий қоидалар бобида коррупция тушунчасига изоҳ берилган.
2-бобда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳақида қайд этилган.
Кейинги бобда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари ўртага ташланган.
Қонуннинг асосий мазмуни 4-бобда келтирилган. Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларга изоҳ берилган. Бу борада давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат органлари ходимларининг ўз вазифаларини бажариш чоғида масъулиятни кучайтириш, хизмат кўрсатишнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқилиши, иш самарадорлигини аниқлаш мақсадида мунтазам мониторинг ўтказиш лозимлиги белгиланган.
Қонуннинг 5-бобида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга доир чора-тадбирлар белгиланган.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Бундай шахслар муайян ҳуқуқлардан, жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахслар давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланади.
Якунловчи бобга кўра, ҳар ким давлат органларининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши тўғрисида, шу шахснинг ўзига ёки шахслар гуруҳига тааллуқли бўлган ҳужжатларнинг қабул қилиниш жараёнлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” қонуни расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.