...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев юридик соҳага оид янги қарорни имзолади


18:30, 20.01.2017 Жамият
 6 473

Президентнинг янги қарори 19 январь куни имзоланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев кеча, 19 январь куни “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни “Халқ сўзи” газетасида чоп этилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
 
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари деб аталади) фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
 
Қонунчиликка риоя этишда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга оширадиган юридик хизматлари кўмаклашади.
 
Шу билан бирга, юридик хизматларнинг ходимлари қонун бузилишининг олдини олиш ҳамда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриш учун етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабабли уларнинг фаолияти кутилган самарани бермаяпти.
 
Юридик хизматларни ташкил этишнинг тартиби, уларнинг штат бирликларини белгилаш меъёр ва мезонларининг мавжуд эмаслиги турли давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларнинг ташкилий штат тузилмасини оқилона белгилашни таъминлашга имкон бермаяпти.
 
Юридик хизматлар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ишлари самарали ташкил этилмаган. Мазкур соҳадаги ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан аниқланган камчилик ва қонун бузилишларини бартараф этишга қаратилган чораларни кўриш билан чекланмоқда.
 
Юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси мазкур соҳага олий юридик маълумот ва амалий тажрибага эга юқори малакали кадрларни жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда, бу эса юридик хизматлар ишининг сифатига ўз таъсирини ўтказмоқда.
 
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш мақсадида:
 
1. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
 
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш;
 
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг таркибий тузилмалари ишини мувофиқлаштириш;
 
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;
 
шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органлари ва ташкилотларининг мулкий ва бошқа манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.
 
2. Белгилаб қўйилсинки:
 
давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик -хизматлар ташкил этилади. Бунда юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларининг қисқартирилишига йўл қўйилмайди;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражаларини бериш, кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилади. Бунда харажатлар давлат органлари ва ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қопланади;
 
юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда, мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади;
 
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди;
 
давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида тегишли стажировка ўтамасдан иштирок этиш ҳуқуқига эга;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тизимли равишда тегишли соҳа фаолиятидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг амалга оширилишини ташкил этади;
 
давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат фаолиятига шартномавий-ҳуқуқий асосда адвокатларни жалб этиш ҳуқуқига эга.
 
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари мазкур органлар ва ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўрадилар;
 
буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилади;
 
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши лозим;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан ҳам кўриб чиқилади;
 
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилади;
 
адлия органлари юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда юридик хизматлари ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга;
 
давлат органлари ва ташкилотларида ҳар йили юридик хизматларнинг мазкур давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади;
 
юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади.
 
4. Қуйидагилар:
 
Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
 
Юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгилансин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида қўшимча 5 та бошқарув ходими штат бирликларини ажратиш йўли билан Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса, қўшимча 14 та бошқарув ходими штат бирликларини ажратиш йўли билан тегишли шуъбалар ташкил этилсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ойлик муддатда:
 
Бошқармани давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари билан ишлаш тажрибасига эга ҳамда ўзларига юклатилган вазифалар ижросини юқори касбий даражада таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдирсин, шунингдек, унинг зарур моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини ташкиллаштирсин;
 
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги билан биргаликда Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талабларни тасдиқласин;
 
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Адлия вазирлигининг расмий сайтида жойлаштириладиган, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги ягона, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар базасини яратсин ҳамда унинг мунтазам равишда янгиланиб турилишини таъминласин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат органлари ва ташкилотларининг харажатлари сметаларида мартаба даражалари ҳамда кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш, шунингдек, мазкур қарор билан белгиланган даврийликка риоя этган ҳолда, юридик хизматлар ходимларининг малака оширишлари учун сарфланадиган харажатларни назарда тутсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ойлик муддатда:
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари штат бирликлари етарлилигини, уларнинг амалга оширилаётган ишлар ҳажмига мувофиқлигини танқидий таҳлил қилсин, натижаси бўйича юридик хизматлар ходимларининг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, юридик хизмат ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини давлат органлари ва ташкилотлари тегишли тузилмаларининг раҳбарлариники даражасига қадар ошириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
 
10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. А. Ахмедбаев зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси 
Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 19 январь

Теглар:Президент қарори Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар