Бош бошқармада “Хавфсиз шаҳар” бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда.
Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармасида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бош бошқармада “Хавфсиз шаҳар” бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, пост-патрул хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.
“Тинчлик-осойишталикни таъминлаш тизими бугунги ҳаётимиз талабларига мос бўлиши керак. Янги замонавий тизим самарали ишлаши учун уни мукаммал ўзлаштириш, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатимизнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.