Қирғизистон халқи ўз тарихида бешинчи президентни сайлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига сайлангани муносабати билан табриклади.
ТИВ Матбуот хизмати берган хабарда Шавкат Мирзиёев Жээнбековнинг ғалабаси чуқур ислоҳотлар, ўзгаришлар, аҳоли фаровонлиги, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган дастурларни Қирғизистон халқи томонидан кенг қўллаб-қувватланишидан далолат беришини таъкидлагани келтириб ўтилган.
Хабарда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётгани айтилган.
“Сўнгги йилларда эришилган юқори даражадаги конструктив сиёсий мулоқот ва томонларнинг мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ўзаро ҳурмат ҳамда умумий манфаатларни ҳисобга олиш принциплари асосида иш олиб бориши янада ривожланишига ишончим комил”, - дея таъкидланади Шавкат Мирзиёевнинг мактубида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековга мустаҳкам соғлик ва маъсулиятли давлат фаолиятида муваффақиятлар тилаган бўлса, Қирғизистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.