...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев янги қарорни имзолади


09:52, 04.05.2018 Жамият
 10 012

“Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Ўзбекистонда чарм хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон пойабзал ҳамда чарм-атторлик маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
 
Қабул қилинган чора-тадбирларнинг амалда рўёбга чиқарилиши натижасида 2012-2017 йиллар мобайнида терини қайта ишлаш, чарм ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 баравардан ортиқ ўсди, терини қайта ишлаш ва унга ишлов беришнинг замонавий технологиялари жорий этилмоқда, ишлаб чиқарилаётган пойабзал маҳсулотлари турлари кенгаймоқда.
 
Шу билан бирга, чарм-пойабзал соҳасини бошқаришнинг шаклланган тизими ушбу соҳада республикамизнинг мавжуд захиралари ва салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш имконини бермаяпти.
 
Йирик ва майда шохли моллар терисини, шунингдек, мўйна хом ашёси ва жунни тайёрлашнинг бозор механизмлари ҳамда уларни сақлашнинг замонавий технологиялари секинлик билан жорий этилмоқда. Тери хом ашёсини қайта ишлаш даражаси паст бўлиб қолмоқда, тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ярим тайёр чарм маҳсулотлар улуши юқори бўлиб қилмоқда. Чарм-пойабзал товарларининг бир қатор йўналишлари, жумладан, аёлларнинг модель пойабзали ва чарм кийимлари, замонавий чарм буюмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эътибор қаратилмаяпти.
 
Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий услублари ва инновацион ёндашувларига ўқитиш, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш учун хорижий мутахассисларни, жумладан, технолог ва дизайнерларни жалб этиш ишлари суст ташкил қилинган.
 
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, хом ашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификациялаш ва экспорт қилинадиган товарларни кенгайтириш асосида уларнинг жадал ривожланиши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида:
 
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси аъзоларининг жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун ва қоракўлдан буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар иштирокидаги умумий йиғилиши қарорига мувофиқ:
 
а) “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда кирган ҳолда “Ўзчармсаноат” уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилди;
 
б) Уюшма “Ўзбекчармпойабзали” уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
 
в) қуйидагилар Уюшма фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
 
Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига чорва молларини сўйиш ва тери тайёрлашдан хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жундан ишланган тайёр маҳсулот ва буюмлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг барча босқичларида кўмаклашиш;
 
корхоналарда илғор технологияларни, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимини татбиқ этишни рағбатлантириш, Уюшма аъзолари – ташкилотларни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
 
талаби юқори бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш учун шарт-шароитлар яратиш;
 
ички ва тармоқлараро кооперацияни, жумладан, чарм, мўйна хом ашёси ва жунни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотлар, шунингдек, чорвачилик хўжаликлари, фурнитура ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперацияни ривожлантириш;
 
чарм-пойабзал, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ҳамда жундан ишланган буюмлар сегментларида ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш, тармоқларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, моделлаштириш ва брендлаш бўйича энг янги инновацион ишланмалардан фойдаланган ҳолда хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларини, шунингдек, илғор ахборот технологиялари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини кенг жорий этиш;
 
малакали кадрлар тайёрлаш ва тармоқнинг илмий салоҳиятини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқаришни хом ашё ва материалларнинг экологик тоза турларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқариш, таълим ва фаннинг ўзаро интеграцияси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;
 
Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида, шунингдек, судларда ишларни кўришда ҳимоя қилиш.
 
2. Белгилансинки, Уюшма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига киради.
3. Қуйидагилар:
 
“Ўзчармсаноат” уюшмасининг ташкилий тузилмаси ҳамда унинг бошқарув ходимлари чекланган сони 54 бирликдан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
 
бошқарув ходимларининг чекланган сони 4 бирликдан иборат “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳудудий бўлимининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.
 
Маълумот учун қабул қилинсинки:
 
Уюшма раиси зарурат бўлганда Уюшма аъзолари умумий йиғилиши билан келишилган ҳолда ижро этувчи аппарат ва ҳудудий бўлимлар тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга;
 
Уюшмани сақлаш ва фаолиятини молиялаштириш унинг таркибига кирадиган ташкилотларнинг ихтиёрий ажратмалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
 
4. 2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинсин.
 
5. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 августдан:
 
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали чармни (ТИФ ТН бўйича 4104-4107, 4112 00 000 0 – 4114 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Уюшма билан келишилган ҳолда нарх экспертизаси ва лаборатория текширувларини ўтказган ҳолда амалга оширилади;
 
чармни лаборатория текширувларидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази томонидан аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади;
 
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
 
Уюшма Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига нарх экспертизаси ва лаборатория текширувлари ўтказишни назарда тутган ҳолда Чармни олиб чиқишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин.
 
6. Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг “Ўзчармсаноат” уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий манбалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
 
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимдан тушадиган барча маблағлар;
 
Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг, шунингдек, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари;
 
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;
 
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан даромадлари;
 
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
7. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун фойдаланилади:
 
ярим тайёр чармдан – тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш циклига ихтисослашадиган ташкилотларни кейинчалик қайтариш шарти билан маблағ ажратиш орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;
 
тижорат банкларининг чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, фаолият юритаётган корхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган кредитлари бўйича кафилликлар бериш;
 
корхоналарда ISO:9001 сифат менежменти тизимини ва бошқа халқаро стандартларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
 
кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мутахассислар малакасини ошириш, жумладан, ёш мутахассисларнинг хорижда ўқиши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
 
Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишдаги харажатларини қоплаш;
Уюшманинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Уюшма ижро этувчи аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш, Уюшманинг хорижий ваколатхоналарини сақлаш ва хорижий маслаҳатчилар харажатларини қоплаш;
 
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа мақсадлар.
 
Уюшма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Жамғарма даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом лойихасини киритсин, унда ҳар йили даромадлар ва харажатлар сметаси тасдиқланишини, шунингдек, Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан Уюшма аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан, ярим тайёр чармни экспорт қилишда ундириладиган йиғим маблағларидан фойдаланиш қисми бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан назорат олиб борилишини назарда тутсин.
8. Белгилансинки, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоблашда юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган базаси Жамғармага киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади.
 
9. Уюшма аъзолари – ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда қуйидаги кўринишдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилсин:
 
фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш;
 
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Уюшма аъзолари – ташкилотлар томонидан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш;
юқоридаги тасдиқланадиган рўйхатларга киритилмаган, ўз ишлаб чиқариши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашни 60 кунга қадар муддатга кечиктириш.
 
10. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорнинг 9-бандида кўрсатилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар фақат қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:
 
замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга;
 
чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга, кейинчалик ушбу хом ашё қайта ишлаш (ишлатиш) учун фақат Уюшмага аъзолари – ташкилотларга сотилганида ҳамда ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 80 фоизни ташкил қилганда;
 
чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни қайта ишлаш, шунингдек, бутловчи буюмлар, фурнитура, сунъий чарм, чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни амалга оширадиган ташкилотларга, агар ялпи тушумнинг умумий ҳажмида ушбу турдаги фаолиятдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври натижалари бўйича камида 60 фоизни ташкил қилса.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Уюшма ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларни қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.
 
11. Уюшма аъзолари умумий йиғилишининг “Ўзчармимпэкс” унитар корхонасини (кейинги ўринларда – “Ўзчармимпэкс” УК) ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
 
реклама тадбирлари ва кўргазмалар ўтказиш, шунингдек, Уюшма аъзолари – ташкилотларга маркетинг, ахборот ва консалтинг хизматлари кўрсатиш ҳисобига чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотлар экспортини ташкил этиш;
 
чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари
 
ва жундан ишланган маҳсулотларни комиссия шартномалари бўйича ва хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри тузилган экспорт шартномалари асосида, шунингдек, хорижда ташкил этиладиган савдо уйлари орқали экспорт қилиш;
 
тармоқ ташкилотларига технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар, аксессуарлар, фурнитура, пойабзал қолиплари ва бошқа буюмлар етказишда, жумладан, импорт қилишда кўмаклашиш.
 
“Ўзчармимпэкс” УКга нисбатан мазкур қарорда назарда тутилган, Уюшма аъзолари – ташкилотларга бериладиган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилсин.
 
12. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур соҳадаги илғор тажрибани ва мақсадли экспорт бозорларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда тайёр чарм-пойабзал, мўйначилик ва қоракўл маҳсулотларини маркировка қилиш тизимини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
13. Тижорат банкларига замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга айланма маблағларини тўлдириш, шунингдек, тайёрлов ташкилотларига чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш учун қулай фоиз ставкалари бўйича кредит маблағларини ажратиш тавсия этилсин.
 
14. Махфий.
 
15. Уюшма икки ҳафта муддатда “Чарм ва пойабзал дизайни маркази” шуъба корхонаси фаолиятини танқидий баҳолаш асосида унинг иш самарадорлигини ошириш, энг аввало, мода индустриясидаги ўзгаришларга тез таъсир чораларини кўриш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мода уйлари, мўйначилик аукционлари ва пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган қатор маҳсулот моделлари дизайнини яхшилаш ва турларини кенгайтириш учун хорижий модельерлар, дизайнерлар ва фэшн-экспертларни жалб этиш масалалари бўйича аниқ чоралар кўрсин.
 
16. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Уюшманинг буюртмалари бўйича Уюшма таклиф этаётган хорижий мутахассислар ва кўргазмаларнинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин, ҳақиқий харажатларни қоплаш йиғимлари бундан мустасно.
 
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Уюшманинг буюртмалари бўйича Уюшмага жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилиши, берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинча прописка қилиниши, турган жойи бўйича ҳисобга олиниши ва уларнинг узайтирилишини таъминласин.
 
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Уюшманинг буюртмалари бўйича Уюшмага юклатилган вазифаларни бажариш учун республикага юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этишга рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилишини (узайтирилишини) таъминласин.
 
17. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
 
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти тузилмасида Чарм-пойабзал соҳаси муҳандис-техник ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказини ташкил этиш;
 
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Чарм ва мўйнадан ишланган маҳсулотлар технологияси ва уларни яратиш”, “Технологиялар ва ускуналар: чарм ва мўйна, қоракўл”, “Технологиялар ва ускуналар: пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотлари” таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш;
 
чарм-пойабзал, мўйначилик, қоракўлчилик тармоқлари соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича мавжуд касб-ҳунар коллежларини қайта ихтисослаштириш ва янги йўналишларни очиш орқали ҳудудий ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларини ташкил қилиш;
 
ўқувчиларнинг ўқиш мобайнида олинган амалий ва назарий билимларини мустаҳкамлаш учун ўқув амалиёти дастурларига мувофиқ Уюшма аъзолари – ташкилотларда мажбурий стажировка ўташ амалиётини жорий этиш;
 
таълим муассасаларида соҳанинг юқори малакали мутахассислари томонидан махсус фанлар ҳамда чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоқларининг долзарб масалалари бўйича машғулотлар ўтказишни, маърузалар ўқишни (жумладан соатбай тўлов шартларида) жорий этиш юзасидан таклифлар киритсин.
 
18. Уюшма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
 
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
 
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
 
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари қарор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар