Рам Натҳ Ковинд Шавкат Мирзиёевни Ҳиндистонга таклиф қилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига ташрифи дастури маълум бўлди.
Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи ушбу мамлакат Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан амалга оширилади.
Ташриф давомида Президент Рам Натҳ Ковинд, Бош вазир Нарендра Моди ва Ҳиндистоннинг бошқа раҳбарлари билан учрашув ва музокараларда давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг аниқ йўлларини кўриб чиқиш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Дели шаҳрида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларини, жумладан, Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш таклифини муҳокама қилиш учун Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Ҳиндистоннинг қадимги пойтахти, жаҳонга машҳур меъморий обида – муҳташам Тож Маҳал жойлашган Агра шаҳрига ташриф буюради.
Ташриф якунида Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазирининг қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар, икки мамлакат ҳудудлари ва муассасалари ўртасида ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.