Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рам Натҳ Ковиндни Ҳиндистон Президенти этиб сайлангани муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Рам Натҳ Ковиндни Ҳиндистон Президенти этиб сайлангани билан табриклади.
“Сизнинг ушбу ғоят масъулиятли лавозимга сайланишингиз, авваламбор, Ҳиндистон халқининг Сизга бўлган катта ишончи ифодаси, кўп йиллик сиёсий фаолиятингиз, бой ҳаётий тажрибангизга берилган холис ва ҳаққоний баҳодир”, - дея қайд этди Ўзбекистон Президенти.
Мактубда ўзаро манфаатларга жавоб берадиган барча йўналишларда узоқ муддатли стратегик алоқаларни изчил ва босқичма-босқич ривожлантириб боришдан Ўзбекистон томони манфаатдор эканлиги таъкидланди.
“Даврлар ва ҳаёт синовидан ўтган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик ришталари халқларимизнинг кўп асрлик яқин муносабатлари асосида бугунги кунда муваффақиятли ривожланиб ва мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим”, – дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йўллаган мактубда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Рам Натҳ Ковиндга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли фаолиятида улкан зафарлар, дўстона ҳинд халқига бардавом тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик тилади.