Президент фақат қоғозда акс этадиган, амалда ҳеч қандай фойда бермайдиган лойиҳалар тузишдек эскича амалиётдан бутунлай воз кечиш лозимлигига алоҳида урғу берди.
Йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди.
Шавкат Мирзиёев бу борада муҳим келишувларга эришилганига қарамай, айрим раҳбар ходимлар имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлашга эскича ёндашаётгани, иқтисодий ҳаётимизда устувор аҳамият касб этадиган, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш имконини берадиган бу масалага етарлича масъулият билан қарамаётганини чуқур таҳлил асосида, аниқ мисоллар орқали кўрсатиб берди.
Барча зарур ҳужжатлар қабул қилингани, янги тузилмалар ташкил этилгани, экспортчи ва сармоядорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва имтиёзлар берилгани, бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги халқаро иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик субъектларининг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилганига қарамасдан, ҳозирча аниқ натижалар кўзга ташланмаяпти, ижро муддатлари ортга сурилмоқда.
Бунинг сабабларидан бири ишончли хорижий шерик ва молия манбалари мавжуд бўлмаган ҳолда самарасиз лойиҳалар тайёрлаш, амалда фойда бермайдиган ҳужжатлар имзолаш ҳолатлари билан боғлиқдир. Бундай лойиҳаларнинг мониторингини юритиш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти. Иқтисодиётимизга хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги аҳвол қониқарли эмас.
Президент бу масалада камчилик ва қолоқликка йўл қўяётган ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо берди.
Хусусан, Туркманистонга ташриф асносида қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, автомобиллар, қурилиш материаллари, маиший техника ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 151 миллион АҚШ долларига тенг ҳужжатлар имзоланган эди. Ўтган уч ой давомида экспорт ҳажми 12 миллион долларни ташкил этди. Бу умумий келишилган миқдорнинг 8 фоизи, холос.
Қозоғистон, Россия ва Хитойга ташрифлар ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган музокараларда ҳам бир неча миллиард долларлик йирик келишувларга эришилди. Лекин уларнинг ижросига оид натижалар кутилганидек эмас.
Давлат раҳбари йиғилишда ҳисобот берган мутасадди раҳбарлар ўз масъулиятини кескин ошириши зарурлигини, бажарилмаётган ва кечикаётган лойиҳа ва шартномалар учун улар шахсан жавобгар эканини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир лойиҳанинг бажарилиши бўйича биринчи галдаги чора-тадбирларни аниқ-равшан белгилаш, молиялаштириш ва ижро жараёнлари бўйича замонавий ва тизимли асосда мониторинг олиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Шериклик тўғрисидаги ҳужжатнинг имзоланиши аввало унинг ижроси билан муҳимдир. Президент фақат қоғозда акс этадиган, амалда ҳеч қандай фойда бермайдиган лойиҳалар тузишдек эскича амалиётдан бутунлай воз кечиш, бундай одат ва кайфият билан ишлашга мутлақо чек қўйиш лозимлигига алоҳида урғу берди.
Эришилган барча келишувларнинг молиявий манбалари, ижро механизмлари, логистикаси, масъул идоралар ва шахслар ҳамда бошқа масалалар тўлиқ ҳал қилинган бўлиши, иш пухта ва қатъий амалга оширилиши керак.
Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига чет давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида мақсадли инвестицион стратегия ҳамда қабул қилинган келишувлар ижросини таъминлаш бўйича Низом ишлаб чиқиш вазифасини топширди.
Ушбу тизимни такомиллаштириш мақсадида масъул ижрочиларнинг ҳар ҳафтада бир марта Вазирлар Маҳкамасида ва ҳар ойда бир марта Президент ҳузурида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий ва ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги инвестицион лойиҳалар юзасидан ҳисобот бериш тартиби ўрнатилади.
Лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланди.
Йиғилишда дабдабали рақамлар ва баландпарвоз ҳисоботлар ортидан қувиш эмас, янгича самарали усул ва механизмларни татбиқ этиш, аҳволни қисқа муддатда синчиклаб ўрганиб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.