Президентлар Истанбул шаҳрида бўладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар ва бошқа муҳим масалалар бўйича фикр алмашдилар.
Мулоқот аввалида, Туркия Президенти давлат раҳбарини мамлакатда таркибий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш бўйича қўлга киритилган амалий натижалар билан самимий муборакбод этди.
Ўзбекистон Президенти мамлакатда, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ва юксак тараққиётни таъминлашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Мулоқотда, давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида, Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Савдо-иқтисодий, технологик, молия-сармоявий, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро самарали алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти хабарига кўра, Президентлар, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар.