...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Тошкентда урфга кираётган “келиннавкар” деган балога муносабат билдирди


10:37, 04.08.2017 Жамият
 20 802

Шавкат Мирзиёев ўз фикрларини самимий ва очиқ руҳда баён этар экан, тўй ва ҳашамлардаги кимўзарликлар оилаларга салбий таъсир кўрсатаётганини, фарзанднинг орзу-ҳавасини қиламан деб, ота-оналар ҳаётдан эрта кўз юмаётганини куюнчаклик билан айтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 3 август куни ижодкор зиёлилари билан ўтказган учрашувида халқни қийнаётган муҳим масала ҳақида сўз очди.
 
“Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар менга айтаяпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти, “Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар”, деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз”, дейди давлат раҳбари.
 
Президент Шавкат Мирзиёев ўз фикрларини самимий ва очиқ руҳда баён этар экан, тўй ва ҳашамлардаги кимўзарликлар оилаларга салбий таъсир кўрсатаётганини, фарзанднинг орзу-ҳавасини қиламан деб, ота-оналар ҳаётдан эрта кўз юмаётганини куюнчаклик билан айтди.
 
“Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
 
Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.
 
Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади”.
 
Шу ўринда статистик маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2016 йилда республика бўйича Тошкент шаҳри оилавий ажримлар бўйича рекорд натижани ўрнатди. Тошкент шаҳар ҳокимиятидан маълум қилишларича, 2016 йилнинг 9 ой натижаларига кўра, тузилган 100 та оиладан 36 таси ажрашиш ёқасига етиб борди. Хўш, бу рақамларнинг айримлари ортида ўша орзу-ҳаваслар турмаяптими? Президент ана шу масалаларга атрофлича эътибор қаратар экан, ҳатто, ғарбда ҳам учрамайдиган айрим ҳолатларни танқид остига олди:
 
“Мана, Тошкентдаги тўйларда “келиннавкар” деган яна бир бало чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?
 
Яқинда ўтган “Камолот” қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, “Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик”, деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим”.
 
Президент тўй-маърака – бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала эканини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари-Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевага тегишли ташкилотлар билан биргаликда оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширди. 

Теглар:Шавкат Мирзиёев билан учрашув Маданият ва санъат тўй 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Dilmurod
15:34 05.08.2017

Assalomu alekum!!! Torisi xozi, Bu gaplani ewitib xursan bb kettim!!! Rostanam toylarimiza judayam ser xarajat, ser xarakat bob ketgan ayniqsa "Toy bo'ladi" digan gappi ayollarimiza ewitib qoliwsa wu bilan ulani cakagini yopib bo'miydigan bb ketgan, Er becorA saxr bob qopadi toyi otgunica, Bu rostanam Towkenda bo'votti uzu beriwam bitta prablema yaqinda bitta bola padarkasini bervotganida qizzi kafega obormaganakan toyyi qiz taraf toxtatib qoyiwdi



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар