Кеча, 14 март куни Президент “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган
Бугун, 15 март куни Президент Шавкат Мирзиёев “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
VIII-IX асрларда Шарқда яшаб ижод этган улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган. У “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини ҳамда қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиққан.
Ўнлик саноқ тизими, алгебра ва алгоритмлаштириш йўналишларида дунё илм-фани ривожидаги хизматлари умумэътироф этилган Шарқ олимлари орасида фақат Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари ва номи илмий давраларда фаол қўлланиб келинаётган “алгоритм” ва “алгебра” каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Бугунги кунда юқори технологияларга асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бажарилаётган барча ҳисоблаш амалларига буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, асраб-авайлашнинг нақадар муҳимлигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, шунингдек, ёшларга таълим-тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак марраларини забт этиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент ахборот технологиялари университетига (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Муҳаммад ал-Хоразмий номини бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги билан биргаликда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қуйидаги тадбирларни амалга оширсин:
иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқаларини таъминлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида республика ва халқаро кўламда илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;
олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан, дастурий маҳсулотларни яратиш борасида танлов ва олимпиадалар ўтказиш;
Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш;
республиканинг етакчи олимлари, хусусан, академиклар ва фан арбоблари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан илмий учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш;
математик моделлаштириш, алгоритмлаш ва криптология соҳаларида, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялари, ахборот хавфсизлиги йўналишларида замонавий ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш, уларнинг мультимедиали авлодларини яратиш ҳамда талабалар, олимлар ва педагогларнинг ушбу ўқув адабиётларидан эркин фойдаланишлари учун уларни электрон ресурсларга жойлаштириш;
оммавий ахборот воситаларида ҳамда ZiyoNet миллий таълим тармоғида улуғ аллома, қомусшунос олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи мақола ва материалларни бериб бориш;
замонавий технологияларга асосланган илм-фаннинг янги қирраларини тадқиқ этиш учун янги ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш;
иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг истиқболли илмий-тадқиқот ишлари натижалари ва илмий мақолалари даврий равишда эълон қилиб бориладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнални таъсис этиш;
2018 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан илмий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш.
3. Университет ҳузуридаги Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун реал эҳтиёжларни ҳисобга олиб, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, сифатли маҳаллий дастурий маҳсулотларни, энг аввало, Университетда таълим олаётган талабаларни кенг жалб этган ҳолда ишлаб чиқиш;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илмий мактабларни янада ривожлантириш, ёш олимлар ва илмий-педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини тижоратлаштиришни ташкил қилиш;
иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳалари буюртмалари асосида бошқарув, ишлаб чиқариш, бизнес ва бошқа йўналишдаги жараёнларни автоматлаштиришни тизимли илмий таҳлил қилиш, уларнинг моделларини ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
республикада юқори технологияларга асосланган техник ва дастурий маҳсулотларни яратиш, импорт ўрнини босувчи қурилмаларни маҳаллийлаштириш ва экспортбоп қурилмаларни ишлаб чиқиш юзасидан фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
давлат илмий-техник грантлари ва хўжалик шартномалари асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
Университет талабалари, мутахассислари ва ёш илмий ходимларини миллий дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуаларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларига кенг жалб этиш;
хорижий мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш.
4. Марказ Университет ҳузуридаги Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш марказининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси бўлиб ҳисобланади.
5. Университет қошида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг маблағларини шакллантириш манбалари этиб мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар белгилансин.
6. Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Университет учун ўқув дарсликлар ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, шу жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, унинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнал нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш;
Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;
Университетнинг иқтидорли талабалари, профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий ходимларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Университетда дарс бериш ва Марказда илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш.
Жамғарма маблағларини бошқариш вазифаси Университетнинг Васийлик кенгашига юклансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда:
Университет ва Марказнинг тузилмасини ва уставини тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Жамғарма маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва тижорат банкларига Университетнинг буюртманомалари бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан хориждан сотиб олинадиган замонавий илмий асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар ҳамда хорижий илмий адабиётлар учун зарур бўлган пул маблағларини конвертация қилиш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 15 март