Ўзбекистон Республикасида 9680 та умумтаълим мактаблари фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 9574 таси 9 йиллик мактаб саналади.
Мазкур дастурларга асосан 1998 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида 11 йиллик мактаблар босқичма-босқич тугатилиб, 9 йиллик таълимга ўтилди. Мажбурий таълим қонунга кўра, 12 йил этиб белгиланиб, унинг қолган 3 йили академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида давом эттирилиши белгилаб қўйилди. Тошкент шаҳрида 11 йиллик мактаблар фаолияти 2007 йилдан тугатилган бўлса, Республиканинг қолган чеккаларида 2009 йилдан 11 йиллик таълим буткул ёпилган эди.
Бугунгача Ўзбекистондаги мактабларда 11 йиллик таълимнинг тикланиши юзасидан турли гап-сўзлар тарқалди. Ҳатто, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига мазкур масала юзасидан мурожаат қилганлар ҳам бўлди.
Хабарингиз бор, бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабида бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев бунга изоҳ берар экан, қуйидагиларни таъкидлади.
“Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг услуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур”.
Маълумот учун, бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикасида 9680 та умумтаълим мактаблари фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 9574 таси 9 йиллик мактаб саналади.