...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар фаолиятига оид янги қарорни имзолади


10:18, 02.02.2017 Жамият
 4 334

Ўтган йилнинг октябрь ойида Президет “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркор фаолиятини янги босқичга кўтарилишига, уларга кенг шарт-шароит яратилиб берилишига туртки бўлган эди.
 
 
Кеча, 1 февраль куни давлат раҳбари “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги янги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш борасида қулай шарт-шароитлар яратилди.
 
Тадбиркорлик тузилмаларига давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан оширишга доир комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилди.
 
Туман ва шаҳарларда ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари (бундан буён – “ягона дарча” марказлари) томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишнинг ошкоралигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Шу билан бирга, мазкур соҳада амалга оширилган ишларнинг таҳлили тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш, “ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, улар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда тизимли ёндашувни ҳамда уларнинг бошқа давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
 
Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда жойларда халқ билан бевосита мулоқотнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида:
 
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг “ягона дарча” марказларини туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
 
Банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиал ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказлари томонидан амалга оширилиши белгилансин.
 
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
 
“ягона дарча” марказларининг фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга ошириш, шу жумладан уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, “ягона дарча” марказлари ходимларининг малакасини ошириш;
 
“ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатишда ваколатли органлар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш, уларнинг раҳбарларига аниқланган қонунбузарликлар, бундай ҳолатларга олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
 
“ягона дарча” марказлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича фаолияти самарадорлигини, ушбу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилишини тизимли таҳлил қилиш;
 
илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, “ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш.
 
3. Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (бундан буён – Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
 
Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
давлат хизматлари, шу жумладан “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
 
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
 
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини тизимли таҳлил қилиш;
 
соҳадаги муаммоларни аниқлаш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан бундай чора-тадбирларни жойларда халқ билан бевосита мулоқот ўрнатиш орқали кўриш.
 
4. Республика комиссияси икки ҳафта муддатда:
 
Республика комиссияси фаолиятининг тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссияларни (бундан буён – ҳудудий комиссиялар) тузсин ва уларнинг фаолиятини ташкил этсин.
 
Ҳудудий комиссияларга тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари раҳбарлик қилиши белгилансин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таркибида штат бирликлари умумий сони доирасида Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси негизида Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса тегишинча унинг бўлимлари тузилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари Республика комиссияси ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи этиб белгилансин.
 
6. Қуйидагилар:
 
2017 йилда фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматларини жорий этиш жадвали 2-иловага мувофиқ;
 
2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
 
бир ой муддатда 2017 йилда фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматларини жорий этиш жадвалини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини;
 
икки ой муддатда 2018-2020 йилларда фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини босқичма-босқич жорий этиш жадвалини;
 
2017 йил 1 сентябрга қадар 2018-2020 йилларда фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини босқичма-босқич жорий этиш жадвалини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
2 ва 3-иловаларда белгиланган, фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини жорий этишга доир тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.
 
8. Берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси доирасида олиш имкониятини яратиш йўли билан “ягона дарча” марказлари орқали қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензияларни мажбурий расмийлаштириш талаби 2018 йил1 январдан бошлаб бекор қилинсин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлигининг 2017 йилнинг I чорагида қуйидагиларни таъминлайдиган “Лицензия” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
 
“ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензиялар (бундан буён – рухсатнома ва лицензиялар) олиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш;
 
тадбиркорлик субъектлари учун қулай шаклда рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш;
 
тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсатнома ва лицензиялар олиш тўғрисида электрон шаклда ариза бериш имкониятини яратган ҳолда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини автоматлаштириш;
 
тадбиркорлик субъектлари “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича қаерда ва қай тарзда мурожаат қилганидан қатъи назар, рухсатнома ва лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишнинг бориши ва натижасини кузатиш имконияти;
 
рухсатнома ва лицензиялар реестрларидан маълумот олиш имконияти.
 
10. 2-иловада кўрсатилган, “ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатаётган ваколатли органлар:
 
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш орқали тақдим этиладиган маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини белгиласин ҳамда эскирган ва замон талабларига жавоб бермайдиган ҳужжатлар ва маълумотларни тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиш тўғрисидаги талабларни бекор қилишга доир таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 
белгиланган муддатлардан бошлаб Жадвалга киритилган давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги аризаларни тўғридан-тўғри тадбиркорлик субъектларидан қабул қилиш амалиётини бекор қилсин;
 
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир тизимли чора-тадбирлар кўрсин.
 
11. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи сифатида олинадиган барча маблағлар ҳамда “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва йиғимлар ҳажмининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар “ягона дарча” маркази фаолиятини молиялаштириш манбаи сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги номига очилган махсус шахсий ҳисобрақамга ўтказилиши ҳамда келиб тушаётган маблағлар “ягона дарча” марказларини сақлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантиришга йўналтирилиши белгилансин.
 
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “ягона дарча” марказларининг давлат мулки бўлган барча бино ва иншоотларини, уларга тегишли асбоб-ускуналар, ҳужжатлар ва бошқа мулк Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига белгиланган тартибда текин тақдим этилишини таъминласин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
 
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 1 февраль

Теглар:Президент фармони Тадбиркорлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар