Колокольцев Ўзбекистон ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 23 май куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди.
Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва қурол-яроғлар ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасидаги ўзаро фаол ҳамкорлигини давом эттириш ғоят муҳим эканини таъкидлади.
Россия Ички ишлар вазири Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.
Колокольцев Ўзбекистон ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.