Шавкат Мирзиёев 17 август куни Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев бугун, 17 август куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири Сакен Жасузаковни қабул қилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Сакен Жасузаков Ўзбекистонда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди ва Қозоғистон томони икки мамлакат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.