...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги мактабгача таълим муассасасига борди


14:40, 15.12.2017 Жамият
 3 629

Давлат раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, тарбияланувчиларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига етиб боргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Чимбой туманидаги 8-сонли мактабгача таълим муассасасидан бошлади.
 
Давлат раҳбарининг ташрифни болалар боғчасидан бошлаганида катта маъно мужассам. Президент ўзининг ҳар бир чиқишлари ва ҳудудларга ташрифида мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда ва бу борада муҳим вазифаларни қўймоқда.
 
Мазкур боғча 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. 37 нафар педагог ва тарбиячи уларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда.
 
Давлат раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, тарбияланувчиларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.
 
Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак эртага кеч бўлиши мумкин. Президент болаларнинг овқатланиш рациони билан қизиқди.
 
Мактабгача таълим муассасаларини Қорақалпоғистоннинг иқлим шароитидан келиб чиқиб қуриш керак, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳар бир хонани иситиладиган пол билан таъминлаш зарур. Бундан ташқари бу соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Бунинг учун олий таълим муассасалари қошида махсус курслар ташкил қилиш лозим. Тарбиячилар савияси болалар келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
 
Давлат раҳбари янги қурилаётган боғчалар лойиҳасини тайёрлашда Жанубий Корея тажрибасини татбиқ қилиш лозимлигини қайд этди.
 
Бундай иншоатларни эскича руҳдаги лойиҳалар асосида қуриш ўзини оқламаяпти. Болаларнинг ётоқхоналари ва дарсхоналарини кенг ва ёруғ қилиб бунёд қилишимиз, маъмурий хоналарни ихчамлаштиришимиз керак, деди Президент.
 
Шу ерда 50, 100, 150 ўринли мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Янги лойиҳаларда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш каби маълумотлар ўз ифодасини топди.
 
ЎзАнинг хабарига кўра, Президент педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига жалб қилиб, уларни мактабгача таълим муассасаларига ишга қабул қилиш бўйича топшириқ берди.
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Мактагача таълим муассасаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар