Ушбу лойиҳа халқимиз дастурхонига сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, 90 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Лойиҳа қиймати 18 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуа учун 510 гектар ер майдони ажратилиши режалаштирилган. Ушбу мажмуада йилига 3 минг 650 тонна сут ва 150 тонна гўшт етиштириш, 6 минг тонна сутни қайта ишлаш кўзда тутилмоқда. 200 иш ўрни яратилади. Комплекс 2018 йилда тўлиқ ишга туширилади.
Жорий йилда Халқ банки томонидан Навоий вилоятининг Навбаҳор, Қизилтепа, Нурота туманларида қорамол ва наслдор эчки парваришлашга мўлжалланган яна 5 лойиҳа амалга оширилади. Натижада вилоятда сут етиштириш йилига 7 минг 700 тонна, гўшт етиштириш 480 тоннага ортади. Қўшимча 173 иш ўрни ташкил этилади.
Томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича аҳоли билан суҳбатлар ўтказиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Хонадонларда 100 бошдан парранда боқишни йўлга қўйиш, иссиқхоналарда лимон, унаби экиб, даромад олишни одамларга сингдириш лозим. Аҳолининг ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад топишга иштиёқи кучайса, уларнинг фаровонлиги ортади. Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади.
Тумандаги Тўдакўл сув омбори ҳавзасида Вьетнам технологияси асосида йилига минг тоннадан зиёд балиқ балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда йилига балиқ етиштириш кўрсаткичи 8,5 минг тоннага етказилади.
Тумандаги “Аква Тўдакўл” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубацион цех, 250 тонналик музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиши режалаштирилган. "Ипотека банки" кредити эвазига янги ҳавзалар қазиш ва уларда сув таъминотини яхшилаш учун хориждан махсус техника ва механизмлар, насослар сотиб олинади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлиб, шундан 13,3 миллиард сўми банк кредитлари, 5,4 миллиард сўми корхона маблағидир. Ушбу лойиҳа халқимиз дастурхонига сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, 90 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш ҳисобига етиштирилаётган балиқ ҳажмини келгуси уч йилда 20 минг тоннага етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 ҳудуд ажратиб берилди. Ушбу ҳудудларда вилоятлар томонидан балиқ етиштириш ва уни муҳофаза қилиш ишлари ташкил этилади.
Президентимиз Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида прокуратура, ишки ишлар бошқармалари ходимларидан иборат махсус отрядлар ташкил қилиш ва кўл ҳудудини броконьерлардан тозалаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
2017-2018 йилларда Хатирчи, Нурота ва Қизилтепа туманларида 835 гектар майдонда янги токзорлар ва кўчатхоналар ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда мавжуд 6,5 минг гектар токзорнинг 4,2 минг гектари фермер хўжаликлари тасарруфида бўлиб, уларнинг 65 фоизида кишмиш, 30 фоизида хўраки, қолган қисмида саноатбоп узум етиштирилмоқда. Жорий йилда юқоридаги туманларда 416 гектар, 2018 йилда 419 гектар токзорлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Вилоятда жорий йилда янги интенсив боғ ва иссиқхоналар, музлаткичли омборхоналар ташкил этиш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш ва уни қайта ишлаш, чорвачилик йўналишида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобига бу борада 101 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Жами 1 минг 300 га яқин киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигига эътибор қаратди. Ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировардида халқимизнинг турмуш даражасини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Навоий вилояти қоракўл тери етиштириш бўйича мамлакатимизда етакчи ҳисобланади. Вилоятда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мулк шаклини ўзгартириш ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасидаги ишлар мазкур соҳада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қарорга мувофиқ вилоятдаги 23 қоракўлчилик ширкат хўжалиги фермер хўжалигига, наслчиликка ихтисослашган иқтисодий барқарор 8 ширкат хўжалиги 12 масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилади. Натижада вилоятдаги 23 ширкат балансида бўлган чорва моллари, қура-қўтонлар, сув иншоотлари ва бошқа мол-мулклар ким ошди савдолари орқали сотилиб, 900 дан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилади. Уларга чорва молларини боқиш учун 2,7 миллион гектар ер майдони берилади.
Мол-мулкларни сотиш натижасида тушган маблағлар кредит қарзларни қоплашга йўналтирилади. Қолган маблағлар хўжалик аъзоларининг пай улушлари бўйича тенг тақсимланади. Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликларида мулк шакли ва унга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, соҳада 2 минг 250 иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг коракўл терилари довруғи бутун дунёда машҳур экани, янги мулк шаклига ўтиш тармоқда самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Ширкат хўжаликларида тери етиштиришнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, наслчилик-селекция ишларини илмий асосда ташкил этиш, чорва моллари туёқ сонини, қоракўл тери ва жунни қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тавсиялар берди.
“Ванғози агро” фермер хўжалигининг шийпонида Маликобод маҳалласининг онахонлари сумалак тайёрлади. Давлатимиз раҳбари улар билан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар одамлар ҳаётида қандай акс этаётгани, хотин-қизлар турмушини фаровон қилиш, фарзандлар таълим-тарбияси тўғрисида самимий суҳбат қурди.
Маликобод маҳалласида яшовчи Жумагул Файзуллаева барча ислоҳотлардан аввало одамлар манфаат кўраётгани, мамлакатимиздаги ўзгаришлар халқимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётганини фахр билан таъкидлади.
Одамларнинг қувончи, эртасига ишончи оиласидаги ҳаёт тарзи, турмуш даражасига боғлиқ, деди Президентимиз. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган қараш билан яшаш вақти аллақачон ўтди. Уйида даромад топган, фарзандларини ҳам шу руҳда ўстирган оила ўзининг фаровонлигига замин яратади. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад одамларга елкадош бўлиш, фарзандларининг бахти-камолини кўриши учун барча имкониятларни яратишдир.