Алмазбек Атамбоев Ўш аҳолиси билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ташрифи ҳақида айтиб ўтди.
Мазкур масала юзасидан турли оммавий ахборот воситалари орқали икки хил фикр қайд этилган эди. Ушбу хабарларнинг иккиси ҳам ишончли манбаалардан олинган. Бири — Қирғизистон Республикаси бош вазири Сооронбай Жээнбеков баёноти орқали бўлса, иккинчи хабар манбааси — Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Комил Рашидовга бориб тақалган эди.
Эндиликда ушбу масалага ойдинлик киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев келаси ҳафта Қирғизистон Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда “24.kg” агентлиги хабар берди.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Интимак қишлоғи аҳолиси билан учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғизистонга ташрифи ҳақида айтиб ўтди.
Учрашув санаси аниқ бўлгач, Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати бу ҳақда батафсил баёнот беришини кутиб қоламиз.