Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қуръони каримга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов очиб берди.
Мирзо Улуғбек Абдусаломов Шавкат Мирзиёевга Президентлик гувоҳномасини ва Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширганидан сўнг, қасамёд қабул қилиш учун минбарга чорлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ислом динида муқаддас саналган китоб – Қуръони каримга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилди.
Қасамёддан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев маъруза қилди.
Шавкат Мирзиёев нутқи давомида Президент сайловида иштирок этган бошқа сиёсий партиялар номзодлари — Сарвар Отамуратов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровга миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёди Конституциянинг 92-моддасида қуйидаги сўзлар билан қайд этилган.
“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, Республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.