Шавкат Мирзиёев сайловда 88,61 фоизи овоз тўплаб, ишончли ғалабани қўлга киритган эди.
4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси бўйича рўйхатга олинган 20 миллион 428 минг 891 сайловчининг 17 миллион 941 минг 955 нафари овоз бериш жараёнларида иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,83 фоизини ташкил этади. Шавкат Мирзиёев эса сайловда 88,61 фоизи овоз тўплаб, ишончли ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тенглик, транспарентлик ва демократик тамойиллар асосида, умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос тарзда, юксак савияда ўткаказилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 14 та сайлов округида 9 минг 383 та сайлов участкалари ташкил қилинган. Шунингдек, хорижий давлатлардаги 44 та сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда Америка, Европа, Осиё ва Африканинг 46 та давлатидан 600 нафарга яқин кузатувчи кузатиб борди. Сайлов жараёнини мониторинг қилишда сиёсий партиялардан 37 мингдан ортиқ кузатувчи ҳам фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 615 миллий ва 272 хорижий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан 315 та хорижий ва миллий интернет нашрлари ёритиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот марказлари томонидан Ўзбекистон ва чет элнинг 1 минг 400 нафардан ортиқ журналистлари иштирокида сайлов кампаниясининг муҳим босқичларига бағишланган 180 та матбуот анжумани ва онлайн брифинглар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ 22 минг 700 дан зиёд мақола ва ахборот материаллари эълон қилинди, кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилди.
5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган Шавкат Мирзиёев “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида павильонида сайловчила билан учрашиб, уларга миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Президентлик қасамёдини қабул қилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов иштирок этиб, Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширди.