Бугун, 25 июнь куни Покистоннинг Панжоб вилоятида кучли портлаш содир бўлди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайнга ҳамдардлик мактуби йўллади.
“Покистоннинг Панжоб музофотида юз берган фожеа оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани тўғрисидаги хабар бизни қаттиқ қайғуга солди.
Ушбу оғир дамларда Сиз Жаноби Олийлари ва биродар Покистон халқига таъзия изҳор этиб, нобуд бўлганларнинг ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзолари ва яқинларига дўстона ҳамдардлик туйғуларимизни етказишингизни сўраймиз”, дейилади мактубда.
Эслатиб ўтамиз, портлаш йўл четида ағдарилиб кетган ёнилғи ташувчи автомашинанинг ёниб кетишидан сўнг юз берган.