...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев партияларнинг ОАВлар билан ҳамкорлигига баҳо берди


10:11, 15.07.2017 Жамият
 1 689

Таҳририятимиз номидан ўз таклифларимизни билдирмоқчимиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ОАВлар билан ҳамкорлиги тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, партияларнинг газеталари савияси пастлигини таъкидлаган Шавкат Мирзиёев хусусий нашрлардан айримларининг фаолиятини ижобий баҳолади.
 
“Масалан, биз одатда “кўнгилочар нашрлар” деб биладиган “Даракчи”, “Тасвир”, “Сўғдиёна” каби газеталар нафақат енгил-елпи гапларни, шу билан бирга, муҳим ҳаётий масалаларни, айтайлик, коммунал хизмат, бозорлардаги нарх-наво, тиббиёт, транспорт масаласи, тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам атрофлича ёритаётгани учун тиражи ошиб бормоқда. Нима учун партия нашрлари бу масалаларда улар билан рақобат қила олмаяпти? 

Сиёсий партиялар раҳбарларининг электоратни ўйлантираётган муҳим масалалар бўйича телевидение орқали аниқ-равшан ўз позициясини билдирганини ҳам эслай олмаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Янги ташкил этилган “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Халқаро пресс-клуб сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қандай ишлар қилинаётгани ҳақида сиёсий партия фракциялари раҳбарлари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали ахборот бериб боришлари учун имконият ярата олади. Президент ана шу имкониятдан фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
 
“Айниқса, марказда ва жойлардаги телеканаллар парламент ва маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари ишини, хусусан, қонун лойиҳалари бўйича муҳокама жараёнларини, парламент назоратига оид тадбирларни, фракциялар ўртасида бўлаётган баҳс-мунозараларни, “жонли” тарзда, керак бўлса, тўғридан-тўғри халқимизга етказиши лозим.

Биз телевидение орқали фақат 10-15 та депутат ва сенаторни кўрамиз, холос. Уларнинг 85 фоизи “ойнаи жаҳон”да деярли кўринмайди. Депутат ва сенаторлар халқ вакиллари бўлганидан кейин доимо халқ олдида чиқиши, одамлар уларни таниши, олиб бораётган ишларидан хабардор бўлиши керак эмасми?”, дея эътироф этди Шавкат Мирзиёев.

Президент Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига икки ой муддатда Олий Мажлис раҳбарияти билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифасини топширди. 

Шу ўринда таҳририятимиз номидан ўз таклифларимизни билдириш истагидамиз. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг йиғилишлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, қолаверса, чет эл ҳукумат вакиллари иштирокида ўтадиган матбуот анжуманлари, давра суҳбатларида хусусий ОАВлар учун ҳам жой ажратилишини истар эдик. Бу эса ўз навбатида тезкорлик нуқтаи назаридан ижобий натижа бериши аниқ. Сабаби кўплаб ОАВлар айнан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар чоп этишини кутади. Агентлик фаолиятини танқид қилишдан йироқмиз, аммо барча хусусий ОАВларнинг Миллий ахборот агентлигини кутиши ахборотнинг халққа етказилишида кечга қолиши табиий. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Партиялар ОАВ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар