Ўнлаб журналистларнинг инглиз тилидаги саволлари орасида Шавкат Мирзиёев Имомованинг ўзбек тилидаги саволини дарров илғади ва унга жавоб қайтарди.
Шавкат Мирзиёев ташриф давомида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан тор доирада ва кейинроқ, делегациялар иштирокида учрашув ўтказди. Кўплаб ҳужжатлар имзоланди.
Президентлар “Оқ уй” Матбуот марказида учрашувлардаги келишувлар, икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичи юзасидан брифинг бердилар. Унда куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистонда фаолият юритиш учун доимий рухсатнома олган “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова ҳам иштирок этиб, Президент Мирзиёевга ўзбек тилида мурожаат қилди.
Ўнлаб журналистларнинг инглиз тилидаги саволлари орасида Шавкат Мирзиёев Имомованинг ўзбек тилидаги саволини дарров илғади ва унга жавоб қайтарди.
Навбаҳор Имомова Президент Шавкат Мирзиёевга “Дунё ўзбекларига шу ердан туриб бирор нарса денг, улар сизни ҳаяжон билан кузатишяпти”, дея юзланади.
Ўз ўрнида Мирзиёев ҳам Имомованинг мурожаатини жавобсиз қолдирмайди. “Мен ўйлайман, бугунги учрашувлар дунё ўзбекларига ҳам катта таъсир ва эътибор кўрсатади”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Навбаҳор Имомова Президент Мирзиёевга “Сиз билан гаплашамиз, деган умиддамиз”, дейди. Мирзиёев ҳам табассум билан бунга рози бўлиб, “Келинг сиз Ўзбекистонга. Регистарация қилдик-ку энди”, дея Имомовани Ўзбекистонга таклиф қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугунгача мамлакат ичкарисида “Америка овози” телерадиосига нисбатан муносабат илиқ бўлмаган, айниқса, Ўзбекистон ҳақидаги ўта танқидий лавҳалари учун Навбаҳор Имомовага.
Имомова ўзи тайёрлаган лавҳаларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугунги фаолиятини алоҳида эътироф этмоқда, мамлакатда ҳақиқий сўз эркинлиги юзага келаётганини, Мирзиёев бу борада жуда катта ислоҳотларни амалга ошираётганини бот-бот такрорламоқда.
Навбаҳор Имомова икки мамлакат раҳбарлари ўртасида имзоланган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” номли ҳужжатга ҳам тўхталиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ҳам ёдга олиб ўтди.
Унга кўра, бундай ҳужжат 2002 йилда ўша вақтдаги Президентлар Ислом Каримов ва Жорж Буш ўртасида ҳам тузилган, бироқ орадан кўп ўтмай боши берк кўчага кириб қолган.
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга бўлган ташрифи аҳамияти ҳам шундаки, 16 йил деганда Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарлари учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда.