Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти девони негизида ташкил этилмоқда.
Ушбу фармон давлат раҳбарининг конституциявий ваколатларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органларининг ўзаро келишиб ишлаши ва муносабатлари, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш ва фаровонлигини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жиддий назорат ўрнатишга қаратилган.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти девони негизида ташкил этилмоқда. Унинг расмий номи:
Ўзбек тилида – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси;
Рус тилида – Администрация Президента Республики Узбекистан;
Инглиз тилида – The Administration of the President of the Republic of Uzbekistan.
Администрация таркибига раҳбар, шунингдек, тегишли йўналишларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари фаолиятини бошқарувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси лавозимлари жорий этилмоқда.
Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантириладиган давлат органи ҳисобланади ва бевосита унга ҳисоб беради. У Президентнинг ахборот-таҳлил, ташкилий-назорат фаолияти назоратини таъминлайди. Давлат раҳбари Администрация фаолиятини бошқаради, Администрация раҳбари эса, Администрация тузилмалари ўзаро уйғун ва мувофиқ фаолият юритишини таъминлайди.
Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер лавозими жорий этилди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқ ва маърузаларини тайёрлаш билан шуғулланади.