Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ишлари қониқарсиз деб эътироф этилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаяпти.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмаганлиги ва уларга комплекс ёндашилмаётганлиги, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти.
Ваколатли органларнинг етарли даражада ташаббус кўрсатмаётганлиги, лозим даражадаги идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ўзаро номутаносиблиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришни талаб этади.
“Давлат органларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ишлари қониқарсиз деб эътироф этилсин”, дейилади қарорда.