...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди


12:56, 27.09.2016 Жамият
 6 423

Шавкат Мирзиёев икки вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи-Бош вазир Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафари давомида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қарорига мувофиқ “Навоийазот” акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди. Жумладан, поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуанинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Ушбу саноат объекти ишга туширилгач, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида 100 минг тонна ПВХ ва 295 минг тонна метанол ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, каустик сода ишлаб чиқариш ҳажми 71,8 минг тоннага кўпаяди. 

Шавкат Мирзиёев аммиак ва карбамид ишлаб чиқарадиган қувватларни барпо этишга қаратилган йирик инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши билан ҳам танишди. Бу ерда яратилаётган қувватлар йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев яна бир муҳим лойиҳа – замонавий энергия тежовчи технологиялар билан жиҳозланган, йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектга ташриф буюрди. Янги корхона ишга туширилгач, бу ердаги 50 йил аввал ўрнатилган эски қувватлар олиб ташланади.

Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Навоий шаҳри бош режасининг амалга оширилиши муҳокама этилиб, кам таъминланган оилалар учун уй-жой қуриш, маиший чиқиндиларни утилизация қилиш масалалари кўриб чиқилди.
 
Вилоят бўйлаб сафари чоғида Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалик ишларининг бориши билан ҳам танишди, пахта далаларини кўздан кечирди. Кармана тумани фермерлари билан суҳбатлашди. 

Навоий вилояти фаоллари билан учрашувда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги ғалла экишни самарали ташкил этиш, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ғамлаш, коммунал хизматлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шу куни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қурилаётган Қандим газни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди. 

Қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган ушбу йирик инвестицион лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинган 2015-2019 йилларда таркибий ўзгартиришларни, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури ижроси доирасида Россиянинг “Лукойл” компанияси билан ҳамкорликда ҳамда Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг Enter Engineering компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда. 

Хусусан, лойиҳанинг амалга оширилиши янги юқори технологик қувватлар ва замонавий инфратузилмани ишга тушириш ҳисобидан йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш, шу асосда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.


Беш ой аввал – жорий йилнинг 18 апрель куни Қандим заводи қурилиши бошланишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтган эди. Ўтган давр мобайнида салмоқли тайёргарлик ва қурилиш ишлари амалга оширилди, жумладан, объектларнинг вертикал лойиҳалаштирилиши, ташқи инфратузилмани тайёрлаш ва барпо этиш якунланди, навбатдаги қурилиш ва монтаж ишлари бажарилмоқда, ишлаб чиқариш муддати узоқ бўлган барча ускуналарга буюртмалар берилди.
 

Заводнинг биринчи навбатини 2018 йилда фойдаланишга топшириш, сўнг қисқа муддатларда тўлиқ қувватда ишга тушириш режалаштирилган. 

Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Лукойл” нефть компанияси президенти Вагит Алекперов билан учрашди. 

Шавкат Мирзиёев “Лукойл”нинг Ўзбекистон нефть-газ тармоғида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирокини қайд этиб, замонавий технологиялар жалб қилинган ҳолда Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишида олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади.
 
Ўз навбатида Вагит Алекперов “Лукойл” компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғида ҳаётга татбиқ этилаётган инвестицион лойиҳалар доирасидаги барча мажбуриятларини ўз вақтида бажаришини қайд этди.

Учрашув чоғида “Лукойл” компанияси билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.

Теглар:Шавкат Мирзиёев Учрашув 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар