Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халтмаагийн Баттулгани табриклади.
“Сизнинг сайловлардаги ишончли ғалабангиз Мўғулистон халқининг Сиздек бой амалий тажрибага эга ва ўз халқи ва мамлакати манфаатларига содиқ хизмат қилувчи машҳур ва нуфузли сиёсий арбобга бўлган юқори ишончи ва ҳурматини тасдиқлади”, дейилади мактубда.
Ўзбекистон Мўғулистонни кўп асрлик тарихга ва ўзига хос маданиятга, сезиларли табиий, иқтисодий ва транспорт-коммуникация салоҳиятларига эга давлат сифатида тан олади. Дипломатик муносабатларнинг 25 йиллик даврида Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида конструктив сиёсий мулоқот, халқаро ташкилотлар, аввало, ШҲТ доирасида ҳамкорлик ўрнатилди, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилди.
“Ўзбекистон ва Мўғулистон томонларни қизиқтирган барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш учун кенг имкониятларга эга”, деб қайд этилган мактубда.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистонда президентликка сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтиб, унга кўра, Демократик партия номзоди Халтмаагийн Баттулга ғолиб бўлган эди.