...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот етиштирувчи 66 туман ҳокимиятининг фаолиятини таҳлил қилди


08:45, 22.11.2017 Жамият
 3 748

Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бозорларни қиш-баҳор мавсумида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш кўламини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳўл мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш бўйича 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмасини шакллантириш вазифалари ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Йиғилишда ҳукумат аъзолари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини бажаришга масъул вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этгани хабар қилинди.
 
Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларини кенгайтириш, уларни қайта ишлаш ҳажмини ошириш, ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кўпайтиришни рағбатлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини захирага ғамлаш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар эҳтиёжини таъминлаш бўйича давлат буюртмаси тизими жорий қилинди.

Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг харидоргир турларини такрорий экиш майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сентябрь-октябрь ойларида такрорий экиндан етиштирилган қарийб 65 минг тонна маҳсулот экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробар кўпдир.
 
Йил бошидан буён мева-сабзавот маҳсулотлари 54 мамлакатга экспорт қилинди. Бангладеш, Филиппин, Сурия, Тайван, Иордания, Македония ва бошқа мамлакатларда янги бозорлар ўзлаштирилди.
 
Ички истеъмол бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси тузилди. Импорт орқали бозорларни танқис ва юқори нархдаги маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Ҳудудлар кесимида 490 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини келгуси қиш-баҳор мавсуми учун ғамлаш параметрлари тасдиқланди.
 
Бу борада амалга оширилган ижобий ишларни қайд этган ҳолда, айрим ҳудудларда қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш етарли даражада ташкил этилмагани жиддий танқид қилинди. Хусусан, Президент томонидан Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятлари бўйича берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Айниқса, Тошкент, Наманган, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш жараёнида тижорат банклари томонидан сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқ рақам ва далиллар асосида кўрсатиб ўтилди.
 
Давлат раҳбари қиш-баҳор мавсумида халқ дастурхони сархил мевалар, сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўкин бўлиши зарурлигини таъкидлади.
 
Қиш-баҳор мавсумида халқни арзон маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун ноябрь ойи охирига қадар қўшимча равишда яна 330 минг тонна маҳсулот ғамлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Бу масалада “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раҳбарияти зиммасига катта масъулият юкланди. Жорий йил октябрь ойида уюшмада амалга оширилган туб ўзгаришлар, унинг таркибига кирувчи ташкилотларга тақдим этилган имтиёз ва преференция бунга кенг имконият яратади.
 
Тижорат банкларига тайёрлов корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлардан сотиб олиш учун ажратилаётган имтиёзли кредит ресурслари ҳажмини сезиларли ошириш тавсия этилди.
 
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини такрорий экиш ҳажмини ошириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда, ҳўл мева-сабзавот экспортини кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятлар етарлича ишга солинмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Ўзбекистон Президенти “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти раҳбарлари томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури ва ҳажмини кенгайтириш бўйича деҳқон ва фермер хўжаликларига кўмаклашиш борасида йўл қўйилаётган камчиликларга алоҳида урғу берди. Тошкент, Қашқадарё, Наманган вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги ишлар етарли даражада амалга оширилмаётгани танқид қилинди. Шу билан бирга, мазкур йўналишда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган 66 туман ҳокимлари ишига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ва ташқи бозорга ҳўл мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида ҳукуматга “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда ўн кун муддатда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг 200 миллион долларгача бўлган молиявий маблағини жалб қилган ҳолда ҳудудларда йирик логистика марказлари ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. Ушбу логистика марказлари замонавий стандартларга жавоб бериши ва мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ташиш, экспорт қилиш учун барча зарур шароитларга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.
 
Йиғилишда полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришга доир чора-тадбирларга аълоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва давлат буюртмасининг асосий параметрлари тўғрисида ахборот берилди.
 
Президент ҳар бир ҳудуд кесимида аниқ босқичлар, муддатлар ва масъул ижрочиларни белгилаган ҳолда, 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмасини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқишга доир топшириқлар берди. Ички истеъмол бозорида, айниқса, қиш-баҳор мавсумида нарх-навонинг ошиб кетиши ва танқисликка йўл қўймаслик мақсадида ички бозорга мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш ва уларни экспорт қилиш мувозанатини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
 
Йиғилишда аҳолининг шакар, тухум, балиқ, гўшт ва ёғ каби кундалик зарур маҳсулотларга бўлган талабини қондириш, уларни барқарор нархларда етказиб бериш юзасидан тегишли идоралар масъуллари, барча туман ва вилоят ҳокимларига аниқ топшириқлар берилди.
 
Ҳўл мева ва сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат буюртмаси параметрларининг сўзсиз бажарилишини тизимли равишда назорат ва мониторинг қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Йиғилиш ўтказилди 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар