...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев лицей ва коллежлар фаолиятига доир муҳим қарорни имзолади


21:42, 15.03.2017 Жамият
 9 883

“Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев кеча, 14 март куни “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Академик лицейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик лицейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг республикада фаолият кўрсатаётган академик лицейлар сонини оптималлаштиришни, академик лицейларда ўқув жараёни сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилишини назарда тутувчи, жумладан:
 
моддий-техник ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали 1-иловага мувофиқ тўртта академик лицейни тугатиш, тугатилаётган академик лицейларнинг 1-босқичларига ўқувчиларни қабул қилишни 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тўхтатиш;
 
фаолияти кўрсаткичлари энг паст бўлган 2-иловага мувофиқ 54 та академик лицейни босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантириш;
 
касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқичлари ўқувчилари контингентини касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг биноларида амалдаги ўқув дастурлари ва ўқитиш шартлари бўйича белгиланган тартибда ўқитишни тугаллаш;
 
3-иловага мувофиқ ўқув жараёни самарадорлигини янада ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
 
2. Олдин баён қилинганлар билан биргаликда қуйидагилар академик лицейларнинг муҳим вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
 
умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли чуқур тайёрлаш;
 
ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти намоён бўлиши ва фаоллашишига кўмаклашувчи, индивидуал истеъдодларни ва ҳар бир ўқувчининг қобилиятлари ҳамда хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билимларни эгаллаб олиш жараёнида мустақил фаолият кўникмаларини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш;
 
илғор маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва унинг мазмунини доимий равишда янгилаб бориш.
 
3. Белгилаб қўйилсинки:
 
касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқичлари ўқувчилари таълим якунлангач яқинда жойлашган таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширадилар ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини оладилар;
 
академик лицейларда ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади;
 
чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича академик лицейларда амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларни икки кичик гуруҳга бўлиш йўли билан ташкил этиладиган кичик гуруҳларда ўтказилади;
 
академик лицейларда ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш олий маълумотли ва камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади;
 
академик лицейлар директорларининг бўш лавозимларини эгаллашга танловда иштирок этиш учун номзодлар бўйича таклифлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг бошқарув органлари раҳбар кадрларини танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш бўйича республика комиссиясига академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан киритилади;
 
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобига ижара асосида амалга оширилади, умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш бюджет маблағлари ҳисобига бепул асосда амалга ошириладиган кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчилар бундан мустасно;
 
академик лицейларнинг битирувчиларига 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар берилади.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда:
 
бир ой муддатда академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартибини, шунингдек, академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат намунасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
 
икки ой муддатда академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни, шунингдек, академик лицейлар ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
 
уч ой муддатда тўпланган ижобий тажрибани ҳисобга олган ҳолда академик лицейларнинг ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин, бунда ўқитишнинг 3-босқичидан бошлаб чуқурлаштирилиб ўрганиладиган фанлар бўйича ўқитиш соатлари сонини кўпайтирган ҳолда қайта тақсимлашни назарда тутсин;
 
ўқувчилар контингентини қайта тақсимлашни, уларни юқори малакали ўқитувчи кадрлар билан таъминлашни, кадрлар тайёрлаш йўналишларига мувофиқ зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-норматив ҳужжатлар, ўқув ва методик адабиётлар билан жиҳозлашни ҳисобга олган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг қайта ташкил этилаётган муассасаларида ўқув-тарбия жараёни сифатли ташкил этилишини таъминласин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган манфаатдор вазирликлар ва идоралар таълим-тарбия жараёни сифатини оширишда, шунингдек, академик лицейларнинг ўқитувчилар таркиби малакасини оширишда бириктирилган академик лицейларга тизимли асосда ҳар томонлама методик ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласинлар.
 
6. Олий таълим муассасалари раҳбариятига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (пуллик-контракт асосида ўқитиш учун тушумлар бундан мустасно) ҳисобига бириктирилган академик лицейлар учун ўқув-лаборатория ускунаси, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси ва бошқа ташкилий техника, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари сотиб олиш ҳуқуқи берилсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда академик лицейларни айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига бириктириш ҳамда таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида улар ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик механизмини назарда тутувчи Низомни уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури лойиҳасини ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришда академик лицейлар негизида ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари учун янги ўқув устахоналари қуришга маблағлар ажратилишини назарда тутсинлар.
 
9. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ҳар йили шакллантириладиган прогноз квоталарни ҳисобга олган, шу жумладан, дарсликлар чакана тармоқ орқали эркин сотилишини назарда тутган ҳолда зарур тиражда ва номларда сифатли замонавий дарсликлар ишлаб чиқилиши ва босиб чиқарилиши самарали ташкил этилишини таъминласинлар.
 
10. Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг олий таълим муассасаларининг академик лицейларга ўқитувчилик фаолиятига меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорларини олий таълим муассасалари талабалари билан ўқув машғулотлари олиб борилганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда унинг параметрларида ушбу қарорни бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплашга “Маориф” тармоғи бўйича ажратиладиган маблағлар доирасида зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
 
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
 
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарор қоидаларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.
 
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 март

Теглар:Шавкат Мирзиёев Президент қарори Ўрта махсус Ўрта махсус таълим Касб-ҳунар коллежи Академик лицей 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар