Давлат раҳбари миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимизнинг ислом ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Давлат раҳбари миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимизнинг ислом ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шундай ташаббуслардан бири – “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюция қабул қилиш таклифи БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ислом цивилизацияси маркази умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказиш, жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Уч қаватли марказ қадимий мадрасалар услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.
Президент қурилиш жараёни билан танишди. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади.
“Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.