...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тошини қўйди


15:34, 15.06.2018 Жамият
 3 267

Президент Рамазон ҳайити куни Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Бугун, 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига рамзий тамал тоши қўйди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Давлат раҳбари ўтган йили 1 сентябрь куни Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, мазкур марказ қурилиши, мақсад ва вазифалари юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шу асосда мазкур қадимий мажмуа ёнидан ўн гектарга яқин жой ажратилди. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳудуд қурилишга тайёрланди.
 
Мирзиёев тадбирга йиғилган диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун борлигини таъкидлади.
 
Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади, деди Президент.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритадиган ушбу марказнинг асосий ғояси  аждодларимизнинг ислом дини ривожига улкан ҳиссасини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир. Шу мақсадда бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.
 
Марказ биноси Ўзбекистондаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.
 
Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз,  бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак, деди давлат раҳбари.
 
Жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини яратиш, адашганларни авф этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар