Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Фредерика Могерини эртага, пайшанба куни Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот бўлимининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Могерини бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегациясини қабул қилиши режалаштирилган.
“Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Фредерика Могерини бошчилигидаги делегация 9 ноябрь Ўзбекистонга ташриф буюради”, дейилади хабарда.
Матбуот бўлимининг берган маълумотларига кўра, делегация таркибида Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица ва бошқа расмий шахслар ҳам бўлади.
“Европа Иттифоқининг юқори мансабдор вакилларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилиши режалаштирилмоқда”, дейди Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот бўлими ўз хабарида.
Делегациянинг дастури бўйича вакиллар Самарқандда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” минтақалараро вазирлар учрашувида, шунингдек 10–11 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё: бир тарих ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этишлари кутилмоқда.