Колумбияда юз берган мудҳиш авиаҳалокат 70 дан зиёд кишининг вафотига сабаб бўлди.
Шавкат Мирзиёев ўз мактубида фалокат оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдириб, жароҳатланганларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилади.
Аввал хабар қилганимиздек, 28 ноябрдан 29 ноябрга ўтар кечаси Колумбиянинг Медельин шаҳрида Бразилия самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортида бўлган 77 кишининг аксарияти Бразилиянинг “Шапекоэнсе” футбол клуби вакиллари ташкил этганди. Авиаҳалокат 70 дан зиёд кишининг қурбон бўлишига сабаб бўлди.
Самолёт ҳалокатига аввал ёқилғи етишмовчилиги сабаб бўлган дейилганди. Кейинчалик эса техник носозлик юз бергани ҳам маълум бўлди. Самолёт қулашидан аввал учувчи электроник мосламалар ишдан чиққани ҳақида юборган хабар ёзуви аниқланди.
Бразилиянинг “Шапекоэнсе” футбол клуби вакилларининг ҳалокатга учрагани дунё ҳамжамиятини бефарқ қолдирмади. Аввал ҳам футболчилар бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Хусусан, 1958 йилда “Манчестер Юнайтед” клуби футболчилари бўлган самолёт Мюнхенда омадсиз қўниш туфайли ҳалокатга учраб, 44 кишидан 23 нафари вафот этганди.
1979 йилда эса Тошкентнинг тўлиқ таркибдаги “Пахтакор” футбол клуби вакиллари бўлган Ту-134 самолёти ҳалокатга учраганди. Оқибатда жами 178 киши ҳаётдан кўз юмган.