Давлат раҳбари Бухорога ташрифи давомида вилоятда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш кераклигини айтди.
Шавкат Мирзиёев буюк алломаларимдан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуини зиёрат қилди.Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Эски тузум даврида бу муқаддас маскан хароб бўлиб қолган эди. Истиқлол йилларида миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, тарихий обидаларни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан мазкур зиёратгоҳ таъмирланди. Мажмуадаги дахмалар, мақбаралар, масжидлар, айвонлар ва мадрасанинг ҳақиқий қиёфаси тикланиб, қутлуғ қадамжога айлантирилди.
Таомилга биноан Баҳоуддин Нақшбанднинг руҳи поки ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Президент мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
“Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топган ва яшаган. Уларнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш керак”, дейди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.