Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи бошланди.
ЎзА хабарига кўра, Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади, халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.
Ўзбекистон делегацияси Истанбул шаҳрига ҳам ташриф буюриши маълум қилинди.
Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Туркия Республикасига ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.