Телефон орқали мулоқотда Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон раҳбари мулоқот аввалида Қирғизистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Қирғизистон Президентининг қардош халқлар ўртасидаги анъанавий яқин ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Ўзбекистон – Қирғизистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришда тутган ўрни ва фаол саъй-ҳаракатлари чуқур мамнуният билан алоҳида қайд этилди.
Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга амалга оширган тарихий давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани, ўзаро ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланди.
Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари раислигида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолият кўрсатмоқда, давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ишларини якунлаш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзолангани ҳамкорликдаги ишларнинг энг муҳим натижаси бўлди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари шафеълигида фаолият юритадиган Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгашининг амалий фаолиятини ташкил этишни тезлаштириш ҳамда маданий-гуманитар соҳада янги дастурларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот сўнггида Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Президентини яна бир бор самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақият, қардош қирғиз халқига тинчлик, осойишталик ва фаровонлик тилади.