Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасидаги келишмовчиликлар ҳақида гапирди.
Ҳурматли Енча жаноблари!
Ҳурматли Могерини хоним!
Ҳурматли Ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва дипломатик корпуслар бошлиқлари.
Конференция иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Барокатли Ўзбек заминига, қадимий Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз.
“Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция иштирокчиларини самимий қутлайман.
БМТга ва шахсан ташкилотнинг Бош котиби жаноб Антониу Гутеррешга бугунги форумимизни ўтказишга ёрдам бергани ва ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорлигимни изҳор этмоқчиман.
Ушбу залда Марказий Осиё мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларини кўриб турганимдан мамнунман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу Халқаро конференцияга баҳо берар экан, бу каби воқеа ҳамиша ҳам бўлавермаслигини қайд этди.
Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан ташриф буюрган олий даражадаги меҳмонларни ҳамда МДҲ мамлакатлари, ШҲТ, ЕХҲТ вакиллари ҳамда бошқа ҳамкорлик ташкилотлари вакилларини самимий қутлайман.
Шавкат Мирзиёев меҳмонларга ушбу конференциянинг аҳамияти ва муҳимлиги унинг номида ҳам ўз аксини топганини таъкидлаб ўтди.
“Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик”.
Минтақамиз халқлари минг йилликлардан буён мавжуд қардошлик ва ахил қўшничилик ришталари билан боғланган. Бизни ягона дин, тарих, маданият ва анъаналар бирлаштириб туради.
Евроосиё юрагида жойлашган бу минтақа Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни бирлаштириб турувчи кўприк вазифасини ўтайди. Россия ва Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадош.
Минтақа табиий ресурсларга бой.
Бу ерда кўплаб давлатлар ва бутун бошли регионлар ривожланишига ўз таъсирини кўрсатган ўта ноёб маданий цивилизацияга оид салоҳият тўпланган.
Шу билан бирга Марказий Осиёда дунёдаги буюк давлатлар манфаатлари кесишишини ҳам таъкидлаш жоиз.
Минтақа нобарқарор ва можаролар ўчоқларига туташ. Шундай экан, минтақада вазият қай тарзда ривожланади, деган ҳақли савол туғилади: можаролар ва қарама-қаршиликлар сценарийси бўйичами ёхуд ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан борадими?
Умумий сони 70 миллион нафар аҳолидан ортиқ ушбу Минтақанинг келажаги Марказий Осиёдаги ҳар бир давлат иштирокида шакллантирилади.
Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, минтақа ривожланиши ва тараққиёти ҳамкорлик қилишга бўлган астойдил хоҳиш ва ҳаракатга, шунингдек, Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг умумий тарихга нисбатан бўлган масъулият ҳиссига боғлиқ.
Ўзбекистон мавжуд келишмовчиликлар ниҳоятда қисқа вақтда ҳал этилиши тарафдоридир. Ўзбекистон ўзаро ишончга асосланган муносабатлар янада мустаҳкамланишини хоҳлайди.
Минтақадаги мамлакатлар савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий, гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини фақатгина ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик орқалигина ҳаётга самарали татбиқ эта оладилар.
Ишончим комилки, бундан барса: Марказий Осиё давлатлари қаторида бошқа давлатлар ҳам фақат ютади.