Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Давлат раҳбари Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкент вилоятида жорий йилда 622 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қуйичирчиқ туманида велосипед ишлаб чиқариш лойиҳаси улардан биридир. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ушбу корхонага 80 миллион доллар инвестиция йўналтириш, 260 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев бу лойиҳага алоҳида эътибор қаратган. Велосипед ишлаб чиқаришни кўпайтириб, йўл бўйларида йўлакчалар ташкил этиб, велосипедда юришни оммалаштириш зарурлигини таъкидлаган.
“Бу соғлик дегани. Одамларимиз фақат машиналарда юрмасдан, кўпроқ велосипед ҳайдаса, юраги бақувват бўлади, умри узаяди. Шунинг учун бу корхонани ишга туширишни тезлаштириш керак”, деди Президент.
Корхона қурилиши жорий йил октябрда бошланади.
Давлат раҳбари саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм соҳаларига оид лойиҳалар бўйича ҳам мутасаддиларга топшириқлар берди.