...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев “Амударё” болалар оромгоҳи ва Бахшилар мактабини бориб кўрди


17:23, 20.01.2018 Жамият
 3 715

Давлат раҳбари муассасада болаларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, овқатланиши ва яшаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 январь куни Шавкат Мирзиёев “Амударё” болалар оромгоҳи ва Бахшилар мактабини бориб кўрди.
 
Давлат раҳбари Сурхондарё вилоятига аввалги ташрифи чоғида Термиз шаҳрида “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳини барпо этиш лойиҳаси билан танишиб, ҳудудда инфратузилма объектларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди.
 
Шунга мувофиқ Сурхондарё дарёси бўйида 200 ўринли дам олиш маскани қурилиб, ўтган йил ёз мавсумида фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар дам олдирилиб, соғломлаштирилади.
 
Маскан 6,2 гектар майдонни эгаллаган. Тўртта ётоқхона, амфитеатр, ошхона, сузиш ҳавзаси, спорт майдонлари, бошқа бино ва иншоотлар бунёд этилиб, зарур инвентарлар билан жиҳозланган. Болаларнинг мазмунли ва мароқли дам олиши, бўш вақтида турли тўгаракларда қатнашиб, ўз билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаши учун ҳар томонлама қулай шароит яратилган.
 
Оромгоҳга кираверишдаги ота-оналар фарзандлари билан учрашадиган бинода иккита фитобар, ахборот-ресурс маркази, маънавият ва маърифат хонаси, машғулот заллари мавжуд. Инглиз тили, тасвирий санъат, моҳир қўллар, компьютер саводхонлиги каби ўн бешга яқин тўгаракда малакали мураббийлар машғулот олиб боради. Тиббиёт бўлимида болалар учун физиотерапевтик муолажалар, массаж, фитодаволаш хизматлари ва жисмоний тарбия машқлари ташкил этилади.
 
Давлат раҳбари муассасада болаларнинг мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, овқатланиши ва яшаши учун яратилган шароитлар билан танишди.
 
Бугунги кунда оромгоҳ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилиб, уни халқаро ёшлар оромгоҳига айлантириш режалаштирилмоқда.
 
Оромгоҳ ҳузурида умумтаълим мактаби барпо этилган. Мактаб негизида 125 ўринли бахшилар мактаби ҳам фаолият юритади. Ўқувчилар бу ерда халқ оғзаки ижоди ҳамда ўзбек халқ чолғуларидан сабоқ олади. Дарс машғулотларини малакали ўқитувчилар билан бирга тўрт нафар Ўзбекистон халқ бахшиси олиб боради.
 
Президент мактабда Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаев ва Абдуназар Поёнов билан мулоқот қилди.
 
“Достончилик ва бахшичилик – миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим. Бахшичилик мактаби халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини асрашга, уни ривожлантиришга, бахшиларнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак. Жорий йил Наврўз байрами арафасида юртимиз бахшиларининг республика семинарини ўтказишни йўлга қўямиз, уларни қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 
Президент “Мустақиллик бахшилари” китобини чиқариш, вилоятдаги коллежларда ҳам ушбу санъат турини ўқитиш юзасидан топшириқлар берди.
 
Шу ерда Бойсун туманидаги “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” газ конини ўзлаштириб, унинг негизида газни қайта ишлаш заводи ва газ-кимё мажмуаси қуриш, Тўполанг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлар каскади, Учқизил сув омбори бўйида замонавий дам олиш ва кўнгилочар масканларига эга “Термиз марвариди” санаторийси қурилишини якунлаш, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика ва Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалларини ташкил этиш лойиҳалари тақдим қилинди.
 
Давлат раҳбари ҳар бир лойиҳанинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уларни сифатли бажариш юзасидан зарур тавсиялар берди.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи Бахшилар мактаби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар