...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шармандага шаҳар кенг: “Дайди” фильми учун Морган Фриманнинг суратидан фойдаланганлар қонун олдида жавоб беради


14:30, 09.02.2017 Кино
 13 124

Режиссёр Сирожбек Абдуллаев “хонтахта”сига кўпроқ томошабинни жалб қилишга уринган кўринади. Бироқ Фриман бу фильмда суратга тушмаслиги шундоқ аён-ку. Наҳот, режиссёр ўзига шу қадар катта баҳо берган бўлса?!

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ёш “режиссёр” Сирожбек Абдуллаев томонидан суратга олинган “Дайди” фильмини реклама қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари кузатилгани юзасидан расмий билдириш берди.
 
8 февраль куни ижтимоий тармоқларда миллий кинематография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан мониторинг қилинганда “Тимур Фильм” МЧЖ томонидан суратга олинган “Дайди” номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
 
Жумладан,  мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда Голливуд юлдузи Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий Кореялик киноижодкорлар томонидан 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Сўнгги рицарлар” фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.
 
Бироқ,  “Тимур Фильм” МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб,  истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини паймол қилган.
 
Бу ҳолат фильмга нисбатан юқори қизиқишни ўйғотиб, уни томоша қилишга бўлган талабнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси талабига кўра ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур,  тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Қонуннинг 23-моддасида давлат истеъмолчиларнинг товар сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши белгиланган.
 
Шунингдек, “Тимур Фильм” МЧЖ студияси “Дайди” филмида бир қатор хорижий филмлардаги кадрлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси талабини ҳам бузган. Ваҳоланки, Қонуннинг ушбу моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахслар муайян асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.
 
Шулардан келиб чиқиб, ушбу ҳолатлар бўйича Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Интеллектуал мулк агентлигига расмий тақдимнома киритилди.
 
Қайд этилган масалалар мазкур давлат идоралари томонидан кўриб чиқилгунига қадар “Дайди” филмини кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилди.

Теглар:Морган Фриман Дайди Сирожбек Абдуллаев Ўзбеккино 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!