“Asian Fight–2017” спорт шоусида машҳур спортчилардан ташқари Нилуфар Усмонова, Муниса Ризаева, Сардор Раҳимхон, Тоҳир Содиқов ва Манзура иштирок этиши кутилмоқда.
Улар 9 сентябрь куни Тошкентда ўтказиладиган “Asian Fight–2017” спорт шоусида иштирок этишлари белгиланган эди.
Мазкур тадбирга бир неча кун қолганида Жан-Клод Ван Даммнинг иштироки бекор қилинганлиги хабар қилинди.
Бундан бироз олдинроқ Жан Клод Ван Дамм ортидан Жефф Монсон ҳам Тошкентга келолмаслиги тўғрисида маълумот бериб ўтдик.
Тадбир ташкилотчиси ҳисобланган Қобил Аҳмедовнинг айтишича, Ван Дамм саломатлиги оғирлашганлиги сабабли Тошкентга кела олмайдиган бўлди. Жефф Монсон билан тузилган шартнома ҳам умумий бўлганлиги учун, у ҳам кела олмайдиган бўлди.
9 сентябрь куни ўтказиладиган “Asian Fight–2017” спорт шоуси ташкилотчилари тадбирнинг маданий қисми бўйича ҳам маълумот бердилар. Тожикистоннинг машҳур ижодкори ҳисобланган Шабнами Сурайё шу куни Тошкентга келиши кутилмоқда. У меҳмон сифатида шоуда иштирок этади. Бундан ташқари, шу куни Тожикистондан Жонибек Муродов ҳам келади.
Шоуда ўзбек шоу-бизнеси вакилларидан Нилуфар Усмонова, Муниса Ризаева, Сардор Раҳимхон, Тоҳир Содиқов, Нилуфар, Манзура, Равшан Собиров, Карен Гафуржонов ҳамда “Оазис” гуруҳи иштирок этиши кутилмоқда.