Қобулжон Аҳмедов турнир ёшларда ватанпарварлик туйғусини ошириш мақсадида ташкил этилганини айтиб ўтди.
6 сентябрь куни “Бунёдкор” стадионида Asian Fight ташкилотчилари томонидан навбатдан ташқари матбуот анжумани ўтказилди.
Унда турнирнинг фахрий меҳмони Жан Клод Ван Дамм бетоблиги туфайли кела олмаслиги, унинг ўрнига жанг санъати устаси Стивен Сигал келиши эълон қилинди.
Турнир ташкилотчиси Қобулжон Аҳмедовнинг мухлисларнинг “бизникилар ўзи ниманиям эплайди” деган танқиди қаттиқ таъсир қилган. Шу муносабат билан ўз фикрларини баён қилди.
“Танқид қилиш, масхара қилиш жуда осон... Айниқса футболчиларимиз мағлубиятидан кейин ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлиб турибди. Юқоридаги салбий изоҳ ҳам балки шунинг ҳосилидир.
Лекин бу бошқа масала! Аслида Asian Fight халқаро спорт турнирининг моҳияти нимада? Тушунинглар, бу — спорт турнири, концерт ёки цирк эмас.
Бу турнир бизга нима беради? Ёки масалан чипта сотиб олган одамга нима беради?
Аксарият одам ўзи ва фарзанди учун чиптага буюртма бермоқда. Улар турнир моҳиятини тушунган одамлар...
Asian Fight ёшларимизни спортга қизиқтиради. Унда жанг қилаётган ўзбек ўғлонларига ўхшашни орзу қилади. Бу орзу-истак ўсмирларни ёмон иллатлардан — тамаки чекишдан, алкоголь ичишдан, гиёҳвандликдан қайтаради. Ватан шаъни учун курашишни ўргатади. Таъбир жоиз бўлса, ғолиб бўлиб, елкага ташланган байроқ билан рингда юриш шарафини ҳис қилади. Ота-оналар, яқинлари, халқини дуосини олиш қандайлигини кўради.
Турнирда Ўзбекистон номидан рингга кўтариладиган йигитлар — бугунги кун қаҳрамонлари! Уларнинг ҳар бирида камида биттадан жаҳон чемпионлиги камари бор. Келгусида ҳам чемпионлик йўлидан кетишларига шубҳам йўқ” деган фикрни билдирган.
Ташкилотчи “Кечирасизлару, биз аллақандай тату фестивали ўтказаётганимиз йўқ. Шаҳват тарқатувчи хориж эстрадаси вакилларининг “ижоди”ни кўз-кўз қилмаяпмиз. Энг асосийси, маънавиятимиз ва эътиқодимиз илдизига болта урадиган “оммавий маданият” унсурларини олиб келаётганимиз йўқ.
Бизга ҳозир ғарбпараст, юқоридаги иллатларни севувчи одамларнинг ғийбати, ортиқча гап-сўзи эмас, балки юртни, спортни севувчи инсонларнинг чин маънода ёрдами керак” дея фикрини давом эттирган.
Унинг айтишича, “Чипталар арзон, “Истиқлол” санъат саройидаги исталган концерт чиптасидан қиммат эмас. Интернетда ўтирволиб, иғво тарқатиш осон. Ўша инсонлар асли турнирга бормайди ҳам. Бошқаларни ҳам боришдан қайтаради.
Ван Дамм тасдиқловчи хат берди, видеомурожаат юборди, биз гонорарининг катта қисмини тўладик, авиабилетлар олдик. Лекин соғлиги ёмонлиги туфайли келолмади. Келмайдимас, келолмайди!
Монсон билан бирга бўлгани учун умумий шартномани бекор қилишга мажбур бўлдик. Лекин Ван Даммдан машҳурлиги кам бўлмаган Стивен Сигал келяпти.
Биз қўлимиздан келганини қиляпмиз. Чипталар нархини имкон борича арзон қилдик, халқимизга қулайликлар яратиш умидидамиз.
Лекин бир нарсани таъкидлашни истардимки, бу турнирга одамлар қайсидир меҳмонни кўриш учун эмас, балки ўзбек жангчиларини қўллаб-қувватлаш учун, спортни тарғиб қилиш учун, ёш авлодни соғлом қилиш учун, ватанпарварлигини синовдан ўтказиш учун боради. Менимча, шундай. Мажбурлаб сотилмаяпти чипталар!”
Эслатиб ўтамиз, “Qalampir.uz” таҳририяти ушбу масала юзасидан бир нечта маълумотлар эълон қилди.
Масалан, 9 сентябрь куни ўтказиладиган “Asian Fight–2017” спорт шоуси ташкилотчилари тадбирнинг бадиий қисмида тожикистонлик машҳур хонанда Шабнами Сурайё иштирок этиши, Ван Дамм ва Монсон билан умумий шартнома иккаласи учун ҳам бир йўла бекор қилингани туфайли Жефф Монсон ҳам келолмаслиги ҳақидаги хабарлар шулар жумласидан.