...
МЕНЮ
ONLINE TV

Саудия бошқарувига қарши журналист йўқолиб қолди. Бунга АҚШ нима дейди? Туркия-чи?


21:40, 12.10.2018 Олам
 4 053

Журналистнинг йўқолиши давлатлар ўртасида низога сабаб бўлиши мумкин.

Саудия бошқарув тузумига қарши журналист Жамол Хошхожий Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига киргач, йўқолиб қолди. Туркия уни ўлдирилганини иддао қилиб, АҚШдан Қироллик билан ҳамкорликни узишини талаб қиляпти.
 
“The Washington Post” нашри берган хабарга кўра, Туркия ҳукумати фикрича, Истанбулдаги Саудия консуллигида Жамол Хошхожий ўлдирилгани тасвирга олинган видео Америка расмийларига тақдим этилган.
 
“Видеода араб тилида гаплашаётган Хошхожий ва эркак овозини эшитиш мумкин”, дейилади хабарда.
 
Шахси очиқланмаган манба видеодаги овоз журналистни сўроқ қилиш, қийноққа солиш ва ўлдириш жараёнига оидлигини таъкидлаган.
 
АҚШ ва қатор бошқа давлатлар разведка хизматларига журналист ғойиб бўлишидан аввал Истанбулга Саудия махсус хизматларининг 15 кишидан иборат гуруҳи келгани ҳақида хабар берилган. Туркия улар Хошхожийни ўлдириш учун эмас, ўғирлаш учун келганликларини таъкидлаган. Баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, журналистни хусусий самолётда юртига олиб кетган бўлишлари мумкин.
 
Шахси очиқланмаган манба Хошхожийнинг ўлдирилишида Саудия Арабистонининг қўли борлигини ва у ҳозирда ҳаётда эмаслигини таъкидлаган.
 
Саудия Арабистонидан қочган Хошхожий АҚШда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган ва “The Washington Post” учун мақолалар ёзиб турган. У 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига киргач, ғойиб бўлган. У Ҳадича Ченгиз билан турмуш қуриш учун, консулликдан ажрим тўғрисида ҳужжат олмоқчи бўлган.
 
Қиз Хошхожийни консулликка кириш олдида деярли 11 соат кутган, аммо у чиқмаган. Ченгиз Хошхожий билан боғлана олмаган. Чунки, димломатик муассасага киришда телефонни қолдириш сўралган. Саудия консуллигига киришдан аввал Жамол қизга бинодан чиқмаса Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг маслаҳатчисига қўнғироқ қилишни тайинлаган.
 
Туркия полицияси журналистнинг йўқолиб қолиши юзасидан текширув ўтказяпти ва АҚШдан унга қўшилишини ва биргаликда Саудия Арабистонига қаршилик кўрсатишини сўраяпти. Бироқ АҚШ ҳукмрон доиралари ҳозирча бундай қилишдан бош тортяпти. Маълумотларга кўра, учта америка ҳарбий идоралари журналист ушбу мамлакат фуқароси бўлмагани ва АҚШ ҳудудида йўқолмаганлигини айтиб, Федерал қидирув бюросида унинг ғойиб бўлишини ўрганиш ваколати йўқлигини таъкидлаган.
 
Саудия Арабистонининг ҳаракатларига нисбатан чора кўриш масаласида АҚШ президенти Дональд Трамп 11 октябрь куни Америка суриштирув жараёнида ҳар икки томон билан иш олиб бораётганлигиини айтиб, журналист ўлдирилган бўлиши мумкинлигини “даҳшатли ҳодиса” деб атаган. Бироқ шахсан у Хошхожийнинг йўқолиши Саудия билан яқинда тузилган, қурол етказиб бериш тўғрисидаги келишувни тўхтатиб қўйига асос бўлмаслигини таъкидлаган.
 
“Саудия Арабистони АҚШнинг ҳарбий қурол-аслаҳаларига 110 миллиард доллар сарфламоқда, бу эса бизнинг мамлакатимиз учун иш ўринлари яратяпти. Менга 110 млрд доллар мамлакатимизга берилмаслиги ҳақидаги ғоя ёқмаяпти. Улар пулларини Россия, Хитой ёки бошқа бирор ерда сарфлаши мумкин”, деган Тармп.
 
Бир қанча америкалик конгрессменлар эса АҚШ журналистнинг йўқолиб қолиши билан боғлиқ суриштирув ишларига аралашиши керак деб ҳисоблаяпти.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Жамол Хошхожий Саудия арабистони Журналист можароси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!