...
МЕНЮ
ONLINE TV

Саудия Арабистонида аёллар сайловга чиқди


12:30, 12.12.2015 Олам
 3 392

Саудия Арабистонидаги маҳаллий сайловларда биринчи марта аёллар номзод ва сайловчи сифатида қатнашишмоқда.

Бугун Саудия Арабистонида маҳаллий бошқарув органларига сайловлар бошланди. Бу сайловнинг аввалгиларидан фарқли ва аҳамиятли жиҳати шундаки, унда мамлакат тарихида биринчи марта аёллар иштирок этишмоқда. Бу ҳақда “Франс Пресс”га ҳавола қилаётган РИА Новости ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Саудия Арабистони – аёлларнинг сайловларда қатнашиши тақиқланган ягона давлат бўлиб келаётган эди. Бундан олдинги маҳаллий сайловлар 2005 ва 2011 йилларда бўлиб ўтган. Ўшанда аёлларнинг сайловларда иштирок этишига йўл қўйилмаган.

Бугун бошланган сайловларда аёллар номзод ва сайловчи сифатида иштирок этишмоқда. Улар эркаклардан алоҳида бўлган сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин. Сайлов жараёни ар-Риёд вақти билан соат 8:00 да бошланган.

Тўрт йил олдин Арабистонда хотин-қизлар номзод бўлиш у ёқда турсин, сайловчи бўлиш ҳуқуқига эга эмас эдилар. Энди эса маҳаллий бошқарув органлари лавозимларига сайланишлари мумкин бўлди. 900 га яқин аёл номзодлар мазкур сайловларда фаол рақобат олиб боришмоқда. Хотин-қизларнинг сайловларда иштирок этиши мамлакатда демократик тамойилларнинг ривожланаётганлигидан далолат бермоқда. 2011 йилда Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз хотин-қизларга маҳаллий сайлов органларида сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини тақдим этган эди. Бундан ташқари, аёллар Шўро Мажлисининг Маслаҳат кенгаши таркибига киришлари ҳам мумкин. Ушбу кенгашнинг аъзолари Қирол томонидан шахсан тайинланади. Қонунчиликка бундай ўзгартириш киритилганидан кейин, Маслаҳат кенгашининг 150 ўрнидан 30 таси хотин-қизларга насиб этганлиги эътиборга лойиқ. Шунингдек, хотин-қизлар Инсон ҳуқуқлари бўйича, Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича қўмиталар вакилларининг ўринбосарлари лавозимларини ҳам эгаллашмоқда.

Сайлов тизимидаги ўзгаришларни кўриб, сайлаётган ва сайланаётган хотин-қизлар ўз хурсандчиликларини яшира олишмаяпти. Бунгача улар ўз шикоятларини бошқарув ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига тўғридан-тўғри айта олишмас эди. Энди эса бундай тўсиқ олиб ташланди. Агар бошқарув ва ҳуқуқ-тартибот органларига аёллар сайланадиган бўлса, мамлакат хотин-қизлари ўз аризаларини тортинмай тақдим этишлари мумкин бўлади.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Саудия Арабистон аёллар сайлов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!