Раҳимхоннинг фикрича, газеталар ҳадеб хонандаларни танқид қилавермасдан, бозорларда сотилаётган “қароқчи” дисклар ҳақида ёзиши, уларнинг фаолиятига чек қўйиши керак.
“АЁҚШда ёки бозорда олдингизга келиб, “Акажон, арзон ухлатилган телефонлар ёки ўғирланган телевизор олинг, жуда арзон”, деса олармидингиз? Аниқ йўқ, дейсиз. Яхшиси, янгисини қутиси билан харид қиласиз. Лекин, минг афсуски, мана шу бензин қуйиш шохобчаларида, бозорларда бизнинг қўшиқларимизни ўғирлаб, арзон дискларда сотаётган “қароқчи”ларнинг бозори чаққон. Сиз биргина тушлик учун керак бўлса 10та дискнинг пулини сарф қиласиз. Биз ўша янги альбом учун бир неча ой меҳнат қиламиз. Катта пул сарфлаб сифатли студияларда ёзамиз. Наҳотки, меҳнатимиз битта дискни кафолатланган расмий дўкондан олишга арзимаса? Қачонгача “бир нарса нуқта уз”, деган овозларда қўшиқ тинглайсиз. Газеталар ҳадеб хонандаларни танқид қилгандан кўра, шуни гапирса бўлмайдими? Ҳар бир сифатли сотиб олинган альбом – сифатли қўшиқ учун берилган имкон. Гапимни тўғри тушунинг, азизлар. Бизнинг маҳсулотимиз мана шу альбом ва қўшиқлар. Сиз ишлаб чиқараётган маҳсулотни олиб бошқалар бозорда сотса, қандай алам қиларди... Ҳаммага раҳмат, “қароқчи”ларга эса Худо инсоф берсин!”, деб ёзади Раҳимхон!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон кўтарган масала мана бир неча йилларким ўз долзарблигини йўқотмай келяпти. Бу борада қонунлар қабул қилиниб, муаллиф ва ишлаб чиқарувчининг рухсатисиз унинг маҳсулотидан ўғринча фойдаланиш, сотиш қонун йўли билан тақиқланган бўлсада, Раҳимхон айтганидек, бозор ва АЁҚШлардаги диск сотувчиларнинг ноқонуний фаолиятига нуқта қўйилганича йўқ. Кўрамиз, хонанданинг бу мурожаатини тегишли ташкилотлар қандай қабул қиларкин?!
Дарвоқе, бироз аввал, хонанда DJ Piligrim “Даракчи” газетаси билан боғлиқ муаммоли вазият ҳақида ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали хабар бериб, ҳамкасблари Сардор Раҳимхон ва Улуғбек Раҳматуллаевдан узр сўраган эди. Мазкур интервьюда DJ Piligrim Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ва “Ниҳол” мукофоти совриндори Улуғбек Раҳматуллаевни ўғирликда айблаб чиққанди ва интервьюда унинг номидан чоп этилган гапларни журналистлар тасдиқлатиб олмаганини маълум қилиб, бутун айбни “Даракчи”га юклаганди. Орадан кўп ўтмай хонанда барча изоҳларини ўчириб юборди ва “Даракчи” таҳририятидан ҳам узр сўради. Сардор Раҳимхон эса “қароқчи” дисклар фаолияти ҳақидаги изоҳида газеталарни қоралаган. Ким билсин, хонанда бунда “Даракчи” газетасини назарда тутгандир.