...
МЕНЮ
ONLINE TV

Санъат ва маданият институтининг Фарғона филиали ташкил этилади


20:45, 16.08.2017 Жамият
 3 569

2017/2018 ўқув йили учун акиёрлик таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та – шундан 10 таси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида – қабул квотаси ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бугун, 16 август куни “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Миллий санъатимиз ва маданиятимизнинг қадимий марказларидан бири бўлган, кўплаб атоқли санъат ва маданият намояндалари етишиб чиққан Фарғона водийсининг бу борадаги алоҳида ўрни ва нуфузини, ижодий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, истеъдодли ёшларни ўзбек ва жаҳон санъатининг юксак намуналари руҳида тарбиялаш, уларнинг ижодий қобилият ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқариш, Фарғона водийси вилоятлари учун театр, халқ ижодиёти соҳаси бўйича актёрлар, маданиятшунослик ва санъатшунослик йўналишида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини (кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

маданият ва санъат соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, давлат стандарти бўйича белгиланган билим ва малакаларни пухта эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш; 

тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозоридаги реал талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, юқори сифатли билим ва малака бериш; 

битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириш; 

профессор-ўқитувчилар таркибининг ўз касб соҳасидаги билим ва тажрибаси, илмий-ижодий салоҳияти ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириш; 

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш. 

3. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалининг намунавий тузилмаси 1-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техник базасини барпо этиш, ўқув ва илмий-педагогик салоҳиятини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин. 

4. Белгилаб қўйилсинки, Филиалга: 

2017/2018 ўқув йили учун “5150300 – актёрлик санъати (турлари бўйича)” таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та – шундан 10 таси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида – қабул квотаси ажратилади; 

2017/2018 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида амалга оширилади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда: 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалининг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин; 

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин; 

Филиалда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин. 

6. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 3а-уйда жойлашган Қўқон туризм ва сервис касб-ҳунар коллежининг уч қаватли асосий биносининг бир қисмини Филиалга бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш ҳамда Филиал фаолиятини мазкур бинода ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Қўқон туризм ва сервис касб-ҳунар коллежининг Қўқон шаҳри, Мовароуннаҳр кўчаси, 3а-уйда жойлашган биносининг бир қисми Филиалга берилиши муносабати билан мазкур коллеж фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2018/2019 ўқув йили ва кейинги йиллар учун Филиалга ўқишга қабул қилишнинг 50 нафардан кам бўлмаган квотасини истиқболда Фарғона водийси ҳудудларини ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни, ҳар қайси тармоқда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, йиллар бўйича аниқ йўналишларни белгилаб, касб ва таълим йўналишларини (мутахассисликларни) кўрсатган ҳолда ишлаб чиқишни назарда тутсин; 

2017/2018 ўқув йили бошланишига қадар Филиалнинг таълим йўналишларини давлат таълим стандартлари ҳамда тегишли малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув режалари, фан дастурлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминласин. 

9. Белгилаб қўйилсинки, Филиал фаолиятини юритиш билан боғлиқ харажатлар 2017 йилда таълим соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. 

10. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; 

хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; 

халқаро молия ташкилотларининг грантлари; 

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Филиалга хизмат кўрсатадиган 1 та енгил автомобиль учун лимит ажратсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 4 июндаги ПҚ–1771-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ташкилий тузилмаси рус тилидаги матнидаги “Нукусский филиал” блокидан кейин “Ферганский региональный филиал” блоки билан тўлдирилсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов, А.Юнусходжаев ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев зиммасига юклансин. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 август

Теглар:Президент қарори Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар