Терма жамоа собиқ бош мураббийи Жанубий Кореяга қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида қисқача чиқиш қилиб, саволларга жавоб беришга тайёр эмаслигини айтиб ўтганди.
Ушбу натижа Ўзбекистони терма жамоасини Россия мундиалига бориш йўлланмасидан маҳрум қилди ва ЎФФ раҳбарияти жамоа бош мураббийи Самвел Бабаянни эгаллаб турган лавозимидан озод этди.
Самвел Вячеславович Жанубий Кореяга қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида қисқача чиқиш қилиб, саволларга жавоб беришга тайёр эмаслиги ва кейинчалик ўзи мурожаатнома йўллашини айтиб ўтганди.
Қуйида Самвел Бабаян берган ваъдасига асосан терма жамоа ва ўзбек футболи мухлисларига ўзининг узрли мурожаатномасини йўллади.
“Авваламбор, мухлислар ишончини оқлай олмаганим учун улардан кечирим сўрамоқчиман. Ўтган йиллар мобайнида мураббийлар штаби билан бирга имкониятимиз даражасида катта ҳажмдаги ишларини амалга оширишга ҳаракат қилдик.
Хусусан, терма жамоа бир аҳил оилага айланди. Бизнинг асосий мақсадимиз терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқиб, жонажон Ўзбекистонда ҳам футбол ўйнай олишларини ва футболни яхши кўришларини намойиш этиш орқали Ўзбекистон довруғини янада кўтариш эди.
Шу ўринда бизга етарли шарт-шароитларни яратиб берган ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Ҳал қилувчи саралаш босқичини жуда яхши бошлаб, 2-турдан сўнг гуруҳ пешқадамига айлангандик. Терма жамоадаги ишга бошқача ёндошув керак.
Бир сўз билан айтганда, натижа футболчилар соғлиғи қандай ҳолатда эканлигига ва ўз вақтида терма ихтиёрига етиб келишига боғлиқ бўлади.
Афсуски, шундан сўнг етакчи футболчиларимизни жароҳат олиши ёки терма жамоа ихтиёрига оптимал формада келмасликлари натижасида таркибда йўқотишларга учрадик.
Бундан ташқари, баъзи ўйинларда шахсан менинг хатоларим туфайли айрим учрашувларда очколар йўқотдик.
Шу билан бирга бизга кўплаб ўйинларда омад етишмади. Сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган голлар фақат йўл қўйилган хатолар эвазига эмас, балки омадга ҳам боғлиқ бўлди.
Нима бўлганда ҳам мазкур босқичда иштирок этган футболчилардан иборат жамоа жаҳон футбол форумида иштирок этишга лойиқ эди. Ишонаманки, бош жамоа ЖЧ финал босқичида қатнашади. Чунки Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар жуда кўп.
Шу ўринда мухлисларимизни икки йил мобайнида қўллаб-қуватлаб турганлари учун уларга катта раҳмат айтмоқчиман.
Терма жамоада ишлаш ҳар қандай мутахассис учун фахр, шу билан бирга катта жавобгарлик ва масъулиятни юклайди. Худо ҳаққи, бутун вужудим билан шу ишга ўзимни бағишлагандим!
Бизни ЖЧ финал босқичидан биттагина гол етишмади холос... Мундиалга чиқиш учун, мухлисларимизни бахтиёр қилиш учун барча ўйлаган ишларимизни қилдик, аммо...
Яна бир карра улардан узр сўрайман ва Ўзбекистон терма жамоасини кейинги ўйинларида ғалаба қозонишларини чин дилимдан тилаб қоламан...”
Эслатиб ўтамиз, бундан бироз олдинроқ миллий терма жамоа сардори Одил Аҳмедовнинг “Гол” кўрсатувидаги мулоҳазаларини мухлислар эътиборига ҳавола қилган эдик.