“Coven Elektro” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий чангютгичлар ишлаб чиқарилади.
Озиқ-овқат ва енгил саноат, чарм-пойабзал, фармацевтика, мебель ва қоғозни қайта ишлаш, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-кимё ва бошқа соҳаларда кўзда тутилаётган лойиҳалар вилоятни изчил ривожлантиришга, аҳолининг ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши 6 минг 300 дан ортиқ кишининг ишли бўлишига хизмат қилади.
Шунингдек, Президент Ингичка конида руда қазиб чиқариш ва бойитиш ишларини ривожлантириш лойиҳаси билан танишди. Соҳага хорижий инвесторларни фаол жалб этиш, тадбиркорларга қулай муҳит яратиш, уларга турли солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, кадрлар салоҳиятини янада ошириш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Вилоятда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан 163 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Нуробод туманида “Навоий металмаш” ва Хитойнинг “Gezhouba Group sement Co.LTD” корхоналари ҳамкорлигида цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхонада 530 янги иш ўрни яратилади.
Пастдарғом туманида қуриладиган “Самарқанд Афросиёб цемент” корхонаси ишга тушгач, 300 киши иш билан таъминланади. Корхонани 2018 йилда ишга тушириш мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрининг Фарҳод қўрғони, Иштихон, Қўшработ туманларида гранит ва мармар қазиб олиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш лойиҳалари билан танишди. Мазкур корхоналарда Италия, Бельгия, Россия ва Хитойнинг замонавий технологияларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Президент “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маиший техникалар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўздан кечирди.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик жамияти ва “Ideal Elektro Lyuks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркиянинг “Odul” компанияси билан ҳамкорликда газ плиталар, электр духовка, кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 7 миллион долларни ташкил этади. Товарларнинг маълум қисми экспорт қилинади.
“Coven Elektro” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий чангютгичлар ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 30 минг дона маҳсулот тайёрланади.
Миллий банк томонидан фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. “Optima Sobirjon”, “Perfect Pharma Group” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Samarkand England eko medical” қўшма корхонасида 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Шу ерда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, спортни янада оммалаштириш борасидаги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.