Дастлаб суғдийлар “Смараканса”, яъни суғдчасига “анжуманлар ўтказиладиган жой”, сўнгра юнонлар “Мароканда”, хитойликлар “Кан” деб аташган. XI асрдан бошлаб “Самарқанд” деб аталган.
Маълумки, 1996 йил 18 октябрь санасида Самарқандда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу кунни — Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди.
Самарқанд шаҳрига Амир Темур ордени берилган кун муносабати билан ҳар йили вилоят миқёсида Самарқанд кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади.
Ўша куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Мана 21 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда. Бироқ шаҳарнинг асл ёши...
Келинг, кўҳна шаҳарнинг тарихига бир назар солсак... Аввалроқ эълон қилинган — ўзбек халқининг қадимий тарихига бағишланган 1-, 2-, 3-, 4- ва 5-лавҳаларда акс эттирилганидек, Самарқанд шаҳрининг асл ёши салкам уч минг йиллик тарихга эгалигини кўришингиз мумкин.
Мил. авв. VII–VI асрларда Сурхондарё, Қашқадарё, Зарафшон воҳалари ва Ўзбекистонга чегарадош вилоятлар Бақтрия давлати таъсири остида бўлганлиги кўпчиликка маълум. Ҳунармандчилик ва савдонинг ривожланиши натижасида мил. авв. VII–VI асрларда қадимги шаҳарлар ривожланган.
Улар мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган бўлиб, ҳунармандчилик ва савдо марказлари эди. Қизилтепа, Узунқир, Ерқўрғон ва Афросиёб ўрнида Бақтрия ва Суғднинг марказий шаҳарлари жойлашган.
Бу шаҳарлар Ўзбекистон ҳудудида энг қадимгилари бўлиб, уларнинг ёши 2700 йилдан кам эмас. Қадимшунослар Афросиёб (Самарқанд), Ерқўрғон ва Узунқир (Қашқадарё водийси), Кўзалиқир (Хоразм), Қизилтепа (Сурхондарё ) каби қадимий шаҳарларни ўрганишган.
Афросиёб — ҳозирги Самарқанднинг шарқий чегараси ҳудудларида мил. авв. VIII–VII асрларда асос солинган қадимги шаҳар. Унинг майдони 219 гектар бўлиб, унга суғдийлар асос солганлар.
Дастлаб суғдийлар “Смараканса”, яъни суғдчасига “анжуманлар ўтказиладиган жой”, сўнгра юнонлар “Мароканда”, хитойликлар “Кан” деб аташган. XI асрдан бошлаб “Самарқанд” деб аталган.
1220 йилда мўғул хони Чингизхон бу шаҳарни вайрон қилади. 1370 йили Амир Темур мазкур шаҳарни шимоли-шарқ қисмида қайта бунёд этади. XVII асрдан бошлаб шарқ муаллифларининг асарларида қадимги шаҳар ҳаробалари “Афросиёб” ёки “Кўҳна қалъа” деб атала бошлаган.
Самарқанд шаҳри ЮНЕСКОнинг 2001 йил Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Айни кунларда Самарқанд шаҳрида 3 шаҳарча, 219 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, шаҳарда 88 та умумтаълим мактаби, 40 дан зиёд академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, 7 та олий ўқув юрти фаолият юритмоқда.
20 йил давомида, аниқроғи 1997 йилдан буён Самарқанд шаҳрида йирик санъат ва маданият анжумани — “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилиб келинмоқда.
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан “Qalampir.uz” таҳририяти ажойиб видеолавҳани эътиборингизга ҳавола этади.