“Қинғир ишнинг қийиғи, қирқ йилда ҳам чиқади”, – деб бекорга айтмайди доно халқимиз. “Зийнат” гуруҳининг 2012 йилда куйлаган “Беғуборим” қўшиғи руминиялик хонанда Клеопатра Стратанники бўлиб чиқди.
Бу ҳақда биринчи бўлиб хонанданинг отаси ва қўшиқ шеърининг муаллифи бўлган – Павел Старан ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали хабар берган. Унинг дўстлари эса қўшиқни ўғирлаб куйлаган ўзбек хонандаларини судга беришни маслаҳат беришган.
Шунингдек, кўрсатувда маълум қилинишича, Италиянинг мобил алоқа операторлари Клеопатра Стратаннинг бошқа қўшиғидан рингтон сифатида фойдаланган ва бу ҳақда хонанда огоҳлантирмаган.
Маълум бўлишича, плагиаторликда айбланаётган “Зийнат” гуруҳи 2012 йилда ўз ишини бошлаган. Уч қиздан иборат мазкур гуруҳ 2013 йилда ўз иш фаолиятини тўхтатган. Юқоридаги масалага ойдинлик киритиш мақсадида гуруҳнинг собиқ продюсери Олимхўжа Азимовга қўнғироқ қилдик.
Олимхўжа Азимов:
— Ҳақиқатдан ҳам “Беғубор” таронаси 2012 йилда “Зийнат” гуруҳи томонидан куйланган ва руминиялик хонанда Клеопатра Стратаннинг “Numar pan la unu” қўшиғига ўхшаш жиҳатлари бор. Биз, қўшиқ куйланиб, унга клип ҳам суратга олиниб, оммага тақдим этилганидан кейингина унинг мусиқаси плагиат эканлигини билиб қолганмиз. Бу таронани бизга тақдим этган ижодкорларни этикет жиҳатдан айтиб ўтмайман, чунки уларга нисбатан шахсий ғаразим йўқ.
Хуллас, ўзбекча қўшиқ куйланди, internet тармоқлари, дисклар, радиостанциялар ва телефонларда янграй бошлади. Энди «отилган ўқни» қайтариб бўлмас эди. Таронанинг асл муаллифлари ошкор бўлди ва биз уларни излай бошладик. Ниҳоят, Клеопатра Стратаннинг отаси, устози ва продюссери Павел Стратан билан воситачи орқали мулоқот қилиш имкони топилди. Воситачи эса, Стратанлар муаллифлик ҳуқуқларини Европа ва бутун Жаҳонда ҳимоя қилувчи россиялик юрист ва ижодкор – Сергей Рогожин бўлиб чиқди. Биз у орқали муаллифларга ўз вазиятимизни ва тарона қандай қилиб тасодифий тарзда куйланганини тушунтириб ўтдик ва уларнинг розилигини олдик. Шундай қилиб, қўшиқ “ўғрилик” саналмаслигига имкон туғилди ва бизни кўнглимиз енгил тортди.
Олимхўжа Азимов ўз фикрларини давом эттирар экан, 2013 йил бошидан Клеопатранинг юристи Сергей Рогожин билан интернет орқали мунтазам алоқада бўлганини маълум қилиб, Сергей Клеопатра билан “Зийнат” гуруҳи қизлари дуэт куйлаши мумкинлигини айтгани, бу ҳақда смс хабар йўллаганини маълум қилиб, мактубни илова қилди:
“Я обсудил с Павлом разные варианты и вот что мы предлагаем. Нам кажется, что этот случай необходимо и можно использовать с пользой для всех: Факт использования чужой музыки глупо умалчивать – люди сами найдут в эпоху интернета и сами друг другу расскажут. Поэтому нам следует продолжить сотрудничество. И в поддержку этой идеи и в продолжение темы надо создать какой-то новый продукт! Например, версию трека, где песню поют и Зийнат и Клеопатра - на узбекском и на румынском. Склеить клип из съемок в Ташкенте и в Бухаресте... Можно что-то ещё... Но нам больше нравится идея создания чего-то нового и, конечно, совместного!
Песня, клип, концерт, тур концертный. Если мы с Вами достигли договоренности о том, что Павел композитор, то не стоит ограничивать искусственно количество ротаций на радио. Пусть песня будет как можно более популярной. Ни у меня, ни у Павла нет желания препятствовать распространению песни. Ждем Ваших идей. До скорого, с уважением, Рогожинэ Сергей”.
“Айнан шу мактуб ва кейинги e-mail ёзишмалар асосида ҳамкорликда ўзбек ва рус тиллари уйғунлигидаги қўшиқни яратиш ғоясига келишдик ва амалга оширишни бошлаган эдик. Лекин 2013 йилнинг август ойида “Зийнат” гуруҳи тарқалиб кетди ва қўшиқ лойиҳаси вақтинчалик бекори қилинди”, – дейди собиқ продюсер.
Олимхўжа Азимовнинг юқоридаги мулоҳазалари анча ўйга толдирди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги шоу-бизнесимизда плагиат кундан-кунга урчиб бораётган бир вақтда, қайси қўшиқ ўғирлаган-у қайси қўшиқни муаллифлари ўзимизнинг ижодкорлар эканини билиб бўлмаяпти. Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева куйлаб чиққан “Олма-анор” қўшиғи ҳам асли тожик хонандаси Шабнами Сурайёга тегишли бўлган. Аранжировкачи Аҳмад Хожиматов ва қўшиқ шеърининг муаллифи Бобур Бобомурод эса буни била туриб Асалхўжаевани огоҳлантиришмаган эди.
Бу вазиятда “Зийнат” гуруҳини ҳам қоралаш фикридан йироқмиз. Агар рост бўлса, улар бу қўшиқнинг ўғирланганидан бехабар бўлишган. (!) Санъаткорлар, продюсерлар бастакор ва шоирлар бировнинг меҳнатига тайёргина эга чиқиб, “қўшиқ асли меники эди”, – деб туришдан бироз тийилишса, қонунларни ёддан чиқаришмаса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Мамлакатимизда “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Респбликаси қонуни қабул қилинганига, Ўзбекистон Адабий-бадиий асарларни муҳофаза қилиш Берн конвенциясига қўшилганига қарамасдан бундай ҳолатларнинг ҳамон учраб тургани ва Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси, Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги бу вазиятларга панжа ортидан қараётгани, бир-икки тайини йўқ хонанданинг маънисиз қўшиғини деб бутун миллат ўғрига чиқаётгани ачинарли ҳол. Бугунги вазиятдан ҳар бир санъат вакили ўзига яраша хулоса чиқаради, келажак фаолиятида плагиатга йўл қўймайди деган умиддамиз.